Иқтисодиёт | 14:04 / 11.06.2021
12695
2 дақиқада ўқилади

Дастлабки 5 ойда экспортдаги тушумлар миқдори қарийб 4 млрд долларни ташкил қилди – МБ

2021 йилнинг январь-май ойларида экспортдаги тушумлар ҳажми 3,9 млрд долларни, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми эса 2,6 млрд долларни ташкил этган.

Жорий йилнинг дастлабки беш ойида ташқи иқтисодий шароитлар Ўзбекистон иқтисодиёти учун мўътадил шаклланмоқда, дея хабар бермоқда Марказий банк.

Қайд этилишича, жаҳон хомашё бозорларида олтин нархи февраль-март ойларида пасаювчи динамикага эга бўлган бўлса, апрель-май ойларида яна тикланиб, июнь ойида йил бошидаги кўрсаткичларга яқинлашган.

Январь-май ойларида экспортдан тушган тушумлар ҳажми (олтин ва газни ҳисобга олмаганда) 3,9 млрд долларни ташкил этиб, 2020 йил мос давридаги кўрсаткичдан (2,5 млрд доллар) 1,5 баробарга, 2019 йилдаги кўрсаткичдан (2,8 млрд доллар) 39 фоизга юқори бўлди.

Республикага кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 5 ойда 2,6 млрд долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига (1,8 млрд доллар) нисбатан 43 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (2 млрд доллар) нисбатан 30 фоизга ўсган. Бу аҳолининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қилган.

Шунингдек, йилнинг дастлабки беш ойи давомида сўм алмашув курси 10455-10610 сўм/АҚШ доллари оралиғида тебраниб турган.

Аввалроқ, Марказий банк бошқарувининг 2021 йил 10 июндаги навбатдаги йиғилиши қарорига асосан, қайта молиялаш ставкаси йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид