07:14 / 11.06.2021
2643

Навоийда маҳаллий олимлар томонидан газ-чанг тозалаш ускунаси яратилди  

Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Навоий давлат кончилик институти олимлари ҳамкорлигида газ-чанг тозалаш ускунаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа қизилтепалик тадбиркор томонидан молиялаштирилган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, Қизилтепа туманининг Оқтош маҳалласида жойлашган «Қизилтепа бетон қурилиш монтаж сервис» МЧЖда ускунанинг 1-лойиҳа тақдимоти ўтказилган.

Жараёнда мослама хориждан келтирилаётган муқобилига нисбатан арзонлиги билан бирга, атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар, кўмир қурумини 92 фоизга қадар тутиб қолиш имкониятини кўрсатган.

Маълумотларга кўра, Навоий вилоятида бугун 12 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъект ва 19 та биринчи тоифали корхона фаолият юритиб, улар томонидан йилига атмосферага 147 минг тоннага яқин ифлослантирувчи моддалар ташланади.

Top