Ўзбекистон | 21:54 / 12.06.2021
22866
1 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига 1 йил бўлмай, 15 марта қоида бузган ҳайдовчи охир-оқибат одам ўлимига сабаб бўлди

Денов туманида қувиб ўтиш қоидаларини бузган «Дамас» ўз ҳовлиси олдида турган 17 ёшли йигитни уриб юборди. Ҳайдовчи автомобил бошқариш ҳуқуқини олганига ҳали бир йил тўлмаган, бунгача 15 марта қоидабузарлик учун жазоланган.

Сурхондарё вилояти ИИББ ЙҲХББ матбуот хизмати видеосидан кадр

Сурхондарё вилояти Денов туманида «Дамас» ҳайдовчиси қувиб ўтиш қоидасини бузиб, йўлнинг чап томонида – ўз ҳовлиси олдида турган йигитни уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлди.

2004 йилда туғилган фуқаро олган жароҳатлари натижасида шифохонада вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИББ ЙҲХББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Воқеа 10 июн куни туманнинг Себзор маҳалласи ҳудудида рўй берган.

Таъкидланишича, қоидабузар ҳайдовчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олганига 1 йил бўлмаган, аммо мазкур воқеага қадар ҳам 15 марта қоидабузарлик учун жавобгарликка тортилган. Бир марта ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабини бажармаган, яна бир марта транспортлар оқимига қарама-қарши ҳаракатланган.

Себзор маҳалласининг воқеа рўй берган қисмига радар ўрнатиладиган бўлди.

Қўшимча қилинишича, Сурхондарё вилоятида йил бошидан буён 128 та ЙТҲда 98 фуқаро жароҳатланган, 52 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид