Евро-2020 очилиш ўйинидаги йирик ҳисоб. Туркия - Италия ўйинининг 5 хулосаси
Кеча, 11 июнь оқшомида Европа чемпионати Туркия ҳамда Италия жамоалари ўртасидаги беллашув билан старт олди. Дастлабки ўйинданоқ бу каби марказий баҳс барчани хурсанд қилди. Ўз гуруҳи ғолиблиги учун асосий даъвогар ҳисобланган икки жамоанинг тўқнашуви тактик курашларга бой ўтди.
Хўш, ушбу учрашувда энг эътиборга молик вазиятлар қайси эди? Қуйидаги 5та мисол орқали ўйинни хаёлингизда қайта гавдалантиришга ҳаракат қиламиз.
1. «Ювентус» ушбу ўйинда ғалаба қозонди!
Тасодиф, шундайми? Тўғри айтасиз, Доменико Берарди жарима майдонига узатган тўп йўлидан Мериҳ Демиралнинг чиқиб қолиши тасодифдан бошқа нарса эмас. Аммо бу автогол Туркия ўйинини буткул издан чиқарди. Бутун ўйин давомида итальянларнинг ҳужумларига сабот билан чидаб бериб турган турклар мана шу голдан кейин, тактик жиҳатдан сочилиб кетди. Шенол Гунешнинг иккинчи режаси йўқ эди ёки футболчилар саросима остида тактик ишланмаларни ҳам унутиб қўйишди.
«Ювентус» марказий ҳимоячилари ушбу беллашувда тандем шаклида ўйнади. Туркия қарши ҳужумларининг бирортаси Кьеллини-Бонуччи жуфтлигидан ўтмади. Бу орқали рақибларнинг ҳафсаласи пир бўла бошлади. Демарални ушбу вазиятда айблаш ножоиз, футболчи танасини тўп йўлидан олиб қоча олмади. Вазият шу қадар тез содир бўлдики, «Юве» ҳимоячиси «Сассуоло» сардорининг узатмаси қаердан келаётганини-да, сезмай қолди.
2. Яримҳимоя мўъжизаси
Турнир аввалидаги превьюларда таъкидлаб ўтганимиздек, Италияда бугун яққол ажралиб турувчи юлдуз йўқ. Эътибор бериб қарасангиз, ҳужум учлигидан ўрин олган бирор бир футболчи А Сериянинг топ-3лигидаги клублардан эмасди.
Кечаги ғалабада асосий ролни яримҳимоя чизиғи ўтади, деб айтсак тўғри бўлади. Жоржиньо ва Барелла рақиб қарши ҳужумларини прессинг орқали секинлаштириб, жамоадошларининг тактик позицияларини эгаллаб олишларига катта имконият яратиб бермоқдалар. Вераттида кичик жароҳат борлиги сабабли майдонга ташланган Мануэль Локателли ўйин давомида қўпол хатоларга йўл қўймади ва яна бир карра Манчинининг ишончини қозонди.
Эътибор бериб қарасак, Италиянинг иккита голи Барелланинг якуний учликни кесувчи пас билан таъминлаши оқибатида юзага келди. У сифатли ўйин намойиш этишда давом этса, Апеннин яримороли вакилларидан кўп нарсаларни кутсак бўлади.
3. Туркия «автобус»и тўхтаб қолди
Дунё футболида «автобус» услубида ҳимоявий ўйин ўтказиш методи анча машҳур. Бу тактика кўп ҳолларда иш бериб, грандлардан очко тортиб олинишига сабаб бўлади. Бироқ, уни ҳам тўғри ишлата билиш масаласи бор. 11 футболчининг барчаси ҳимоявий мақсадларда ишлатилса, қарши ҳужумга ким ўтади? Пала-партишлик билан ҳужумга ўтиб кетилса, мудофаадаги вазифалар кимга топширилади? Шенол Гунеш бу саволларни ўзига бериб кўриши керак.
Шу Францияга иккита ўйинда ҳам мағлуб бўлмаган Туркиямиди? Турклар кеча шунчаки ҳимояси нақадар бардошли эканини синамоқчи бўлган жамоадек кўринди. Фаоллик эвазига олиб қўйилган тўпларнинг аксарияти рақиб яримҳимоячиларига олдириб қўйилди. Балки, бош мураббий жамоасига бундай тактик юкламани қўймагандир. Сабаби, ҳисоб 0:0 эканлигидаёқ биринчи таймда умуман кўринмаган Язиджи Ченгиз Ўндерга алмаштирилди. Аксига олиб, «Лестер» яримҳимоячиси ҳам ҳимоядаги футболчиларнинг бири бўлишдан бошқасига ярамади. 36 фоиз тўпга эгалик қилиш, рақибдан 8 баробар кам зарба йўллаш, бирорта тепилган тўпнинг дарвозага аниқ бормаслиги… Туркия мағлубиятга учрашга лойиқ ўйин кўрсатди. «Автобус» бундай ишламаслиги керак эди.
4. Спинаццола - сюрприз!
Ўйиннинг энг яхши футболчиси - Чиро Иммобиле! Бунга шак-шубҳа йўқ. Битта гол ва битта ассист амалга оширган «Лацио» футболчиси ушбу эътирофга ҳақли футбол намойиш этди.
Аммо баҳсдаги ҳақиқий сюрприз Леонардо Спинаццола бўлди. Ўнг оёқли чап қанот ҳимоячилар топ-клубларда ва катта миллий жамоаларда кам учрайди. Аммо «Рома» лотералига бу жиҳат халақит бермайди. Боиси, у чап оёғида ҳам бирдек зарба ва пасларни ижро эта олади. Туркияга қарши беллашувда Леонардо 3та муваффақиятли дриблинг амалга оширди. Бу майдондаги барча футболчилар орасида энг яхши кўрсаткич.
Чиро Иммобиле гол урган вазиятда жуда ноқулай вазиятда турганига қарамай, дарвозага кучли зарба берган футболчи Спинаццола эди. У тепган тўпни дарвозабон бир амаллаб қайтарди ва жамоа асосий форварди қаршисида деярли бўш дарвоза қолди. Бу гол Италияга хотиржамлик бергани ва Туркияни янада таҳликага солгани билан ҳам аҳамиятли эди.
5. Иштиёқ устунлиги
Италиядан ғалаба кутилган эди, ўйинолди барча нашрлар амалга оширган прогнозларда «Скуадра Адзурра» фаворит сифатида қайд этилганди. Аммо бу қадар осонлик билан 3 очко қўлга киритилишини кўпчилик кутмаган бўлиши аниқ. Ўйинни инглиз ОАВда эксперт сифатида кузатган афсонавий ҳужумчи Алан Ширер «Италияликлар барчасини чин юракдан бажаришди», - дея фикр билдирди.
93-дақиқа, ҳисоб 3:0, Жоржио Кьеллини эса Бурак Йилмазнинг гол уришига йўл қўймаслик учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилди ва буни уддалади. Шундан ҳам билиб олишимиз мумкинки, «мовий гвардия»да ғалабага бўлган интилиш, хоҳиш кучлилик қилди.
Италия 100 йиллик рекордни такрорлашига 2тагина ўйин қолди. 1930 йилги Италия миллий жамоаси 30та ўйинда мағлубиятга учрамай, рекорд қўйганди. Нимчорак финалга ғалабалар билан етиб борган тақдирда, Манчини жамоаси тарихий натижани қайд этади. Кўрамиз, улар ушбу синовдан қандай ўтадилар…
«Squawka.com» сайтидан Абдулвосид Валихонов таржимаси
Мавзуга оид
16:48 / 17.11.2024
Италиялик тадбиркор ўғирлаб кетилишини уюштирган ўзбекистонлик қўлга олинди
22:08 / 15.11.2024
Алп тоғларида туристлар 280 млн йиллик қадимий ҳайвонлар изларига дуч келди
18:29 / 12.11.2024
Италияда 2 мингдан зиёд сохта санъат асарлари мусодара қилинди
15:17 / 11.11.2024