Жамият | 20:28 / 14.06.2021
26615
4 дақиқада ўқилади

«Ҳар куни тонгда бозорга бораман» — жуйдамлик Қаҳрамон

Қўллари билан педаль айлантириб, занжирли узатма воситасида аравачасини ҳаракатлантириб келаётган бу матонатли инсоннинг исми Қаҳрамон ака. У ҳаёт қийинчиликларига сабр ва бардош кўрсатиб келаётган чинакам қаҳрамон.

Фарғона шаҳри кўчаларида серқатнов йўл четида уч ғилдиракли аравасини қўлда бошқариб кетаётган инсонга кўзингиз тушади. Кўчада одамлар орасидан яққол ажралиб турган бу инсон «Жуйдам» МФЙда истиқомат қилувчи Қаҳрамон Аҳмедов.

Уй дарвозасини қоққанимизда 10 яшар болакай дадаси бозорга кетганини айтди. Қаҳрамон ака кўп куттирмай аравасини елдек учириб келиб сомсахонада тўхтади...

Қаҳрамон Аҳмедов I гуруҳ ногирони, аёли Ҳафизахон эса II гуруҳ ногирони экан. Оилада 2 ўғил вояга етяпти. Катта ўғил Озодбек 8-чи, кичиги Абдуқодир эса 4-синфда таҳсил олади. Қаҳрамонимиз ўз ҳаёти, оиласи ҳақида гапириб берди.

«1977 йилда туғилганман. Ҳар куни саҳар туриб уйдаги мол, товуқ ва ўрдакларга емиш бераман. Кунлик дастлабки юмушим шундан бошланади.

Ҳовлидаги қорамолни хайрия қилишган, барака топишсин. Ҳаммаларига минг раҳмат. Байрамларда ва ундан ташқари деярли ҳар куни маҳалла аҳли, яхши инсонлар оиламизга ёрдам беришади.

Туғма ногиронман. Тақдиримдан эса асло нолимайман. Агар уйда ёлғиз қолсам пайпасланиб бўлса ҳам мустақил ўзим чой дамлаб ича оламан. Агар уйда аёлим бўлса ўзи чой дамлаб беради».

Қаҳрамонимизнинг уйида уста ишлаётган экан. У ҳар куни саҳарда, соат 5да туриб бозорга боради. Усталарга ҳам аравачасида бозорлик қилиб келтиради.

«Уйга ҳаммом қуряпман. Қурилиш молларини ҳам эҳсон қилишяпти, барака топишсин. Усталар ҳам беминнат хизмат қилишяпти.

Катта йўлларда аравача ҳайдаб юраман. Саломат бўлишсин, ҳайдовчилар мени кўриб йўл бериб ўтказиб юборишади. Уларни доим дуо қиламан», — дейди у.

Қаҳрамон ака араваси 150 килогача юк кўтара олиши ҳақида сўзлаб берди.

«Бозорга бир кунда камида икки марта бораман. Кун исиб кетмасидан соат 11ларда ҳам бир марта бориб келаман. Аравачам 150 килогача юк кўтара олади. Уйдан бозоргача 30 дақиқа йўл юраман. Бозор атрофидаги ошхоналарга кираман. Улар мен учун пўчоқ тайёрлаб туришади. Мол-ҳол учун пўчоқни аравамга солиб олиб келаман», — дейди у.

Қаҳрамон аканинг араваси 16 йилдан буён унга беминнат хизмат қилиб келаётган экан.

«Қизил ярим ой жамиятидан бу аравани олиб беришган эди. Аравам Хитойдан келтирилган. Болаларим мана шу аравага чиқиб боғчага қатнашган. Аллоҳга шукр, катта ўғлим бу йил 8-синфда ўқияпти, кичиги эса 4-синфда.

Ўзим ўқимаганман. Ўқимаганимга яраша фарзандларим ўқиб, етук инсон бўлишини хоҳлайман.

Аравамни 16 йилдан буён ҳайдаб келаётганим учун таъмирталаб ҳолатга тушиб қолган. Аравам бузилиб қолган пайтлари ўғилларим уни тузатиб беради».

У карантин пайтдаги хотираларини ёдга олди. Оилага кўплаб саховатпеша инсонлар томонидан ёрдам кўрсатиб турилган.

«Карантин пайтида иложсизликдан арава ҳайдаб бозорларга бориб келдим. Пандемия вақтида умуман нотаниш одамлар хайрия қилишди.

Ҳовлимдаги ерни чопиб, мевали дарахт ўтқазиб, кўчат остига картошка ҳам экиб беришди. Ёрдам ҳам шунчалик бўлади-да.

Ҳозирда бир муаммо мени қийнаб келяпти. Ҳовлимнинг кадастр ҳужжатини қила олмаяпман», — дейди Қаҳрамон ака.

Ўйлаймизки, мутасадди идоралар ушбу оилани қийнаб турган муаммони ҳал қилиш учун ёрдам қўлини чўзишади.

Қаҳрамон аканинг ибратли ҳаёт йўли ҳар биримизга сабоқ бўлади. У оёғида мустақил юра олмаса-да, аравача ёрдамида бир кунда бир неча километр йўл юради. Яшаш учун курашади. Тирикчилик учун худди соғлом одамлардек ҳаракат қилади. Энг муҳими — у ҳаётидан нолимай, яратганга шукр қилиб яшаб келяпти.

Сарвар Зияев,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид