Жаҳон | 19:28 / 15.06.2021
3872
2 дақиқада ўқилади

Ноқонуний алкогол ва сигарет савдоси билан шуғулланган 200дан ортиқ дипломат ЖАРдан чиқариб юборилади

Қайд этилишича, Малави ва Лесото дипломатлари чиқариб юборилган, яқин кунларда Эсватини қироллиги, Гана, Бурунди ва яна бир нечта мамлакат вакиллари ЖАРни тарк этади.

Фото: Getty Images

Жанубий Африка Республикаси ҳукумати қатор Африка давлатларини уларнинг 200 нафардан ортиқ дипломатини пандемия даврида ноқонуний алкогол ва сигарет савдоси билан шуғуллангани учун мамлакатдан чиқариб юбориши тўғрисида огоҳлантирди. Бу ҳақда The Times хабар берди.

 Қайд этилишича, Малави ва Лесото дипломатлари чиқариб юборилган, яқин кунларда Эсватини қироллиги, Гана, Бурунди ва яна бир нечта мамлакат вакиллари ЖАРни тарк этади.

2020 йилда, пандемия чекловлари даврида ЖАРда алкогол савдоси тақиқланган, аммо Претория ва Йоханнесбургда жойлашган элчихона ва консулхона ходимлари махсус божсиз савдо дўконларидан алкогол ва тамаки маҳсулотларини сотиб олиш имкониятига эга бўлган. Дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари бу маҳсулотларни кўплаб миқдорда сотиб олган, сўнгра уларни қимматроқ нархда ноқонуний савдо билан шуғулланувчи сотувчиларга берган.

 Бундан ташқари, айрим дипломатлар ҳатто тақиқланган маҳсулотлар сотиладиган ноқонуний барлар очган. Солиқ органларининг ҳисоб-китобларига кўра, уларнинг бу ҳаракатлари оқибатида мамлакат бюджетига 404 млн фунт стерлинг миқдоридаги савдо солиғи тушмаган. Масалан, элчилардан бирининг ёрдамчиси эса ноқонуний савдолар ортидан 1,85 млн фунт стерлинг пул ишлаган.

Малави ҳукумати ўз дипломатларининг бу ҳаракатлари учун ЖАР раҳбариятидан расман узр сўраган ва уларга нисбатан «тегишли чоралар» кўрилишига ваъда берган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид