13:14 / 15.06.2021
11331

Ўзбекистонликлар учун 30 кунлик визасиз режим, Малайзия виза турлари ва олиш тартиби ҳақида

UzbekLife визалар мавзусини давом эттиради. Мазкур мақола орқали Малайзия визалари турлари, уларни олиш тартиби, керакли ҳужжатлар, шунингдек, виза беришдаги имтиёзлар ва талаблар хусусида сўз юритамиз.

Барча давлатларда бўлгани каби Малайзияга ташриф буюришни истаган хорижий фуқаролар ушбу мамлакатга кириш учун виза олишлари талаб этилади. Ҳозирда Малайзияга саёҳат қилиш учун турли хилдаги визалар мавжуд. Малайзияга саёҳат учун зарур бўлган виза тури шахс фуқаролиги ва сафарининг мақсадига боғлиқ бўлади. Барча чет эллик меҳмонлар кириш портига етиб борганларидан сўнг яроқлилик муддати камида олти ой бўлган паспортга эга бўлишлари шарт.

Малайзияга бир марталик кириш визаси

Малайзия ижтимоий ташриф (туризм) мақсадида мамлакатга киришни истаган чет эл фуқароларига ягона кириш визасини тақдим этади. Номидан ҳам маълумки, ушбу виза эгаси мамлакатга фақат бир марта кириш ҳуқуқига эга бўлади. Малайзияга бир марталик кириш визаси берилган кундан бошлаб уч ойгача амал қилади.

 Малайзияга кўп марталик кириш визаси (eVisa)

Малайзияга кўп марталик кириш визаси бизнес ёки ҳукуматлараро масалалар билан мамлакатга кириши зарур бўлган чет эл фуқароларига берилади. Тасдиқдан ўтгач, ушбу виза чиқарилган кундан бошлаб уч ойдан ўн икки ойгача бўлган муддат давомида амал қилади.

Ижтимоий ташриф (сайёҳлик) мақсадида Малайзияга ташриф буюришни истаган Ҳиндистон ва Хитой фуқаролари ҳам Малайзияга кўп марталик кириш визасини олиш ҳуқуқига эга. Ушбу виза тури билан Малайзияга киришда виза эгасига 30 кунлик муддат берилади. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу муддатни узайтириш мумкин эмас.

Кўп марталик кириш визаси учун талаблар ва шартлар:

-        Ариза берувчи Малайзияда қолиш учун етарли маблағ мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши шарт;

-        ариза берувчидан қайтиш рейси талаб қилинади;

-        туристик гуруҳлар ушбу виза турини олиш ҳуқуқига эга эмас.

 Транзит виза

Транзит виза бошқа мамлакатларга транзит билан киришда Малайзия ҳудудидан ўтадиган саёҳатчилар олиши керак бўлган виза тури саналади. Аммо агар саёҳатчи аэропортдан чиқмаса, ундан транзит виза олиш талаб қилинмайди. Транзит виза шахс аэропортни тарк этадиган ҳамда қисқа вақт ичида Малайзияда қоладиган ҳолларда керак бўлади. Малайзияга визасиз кириш режимидан маълум бир мамлакатлар баҳраманд бўлмагани учун Куала-Лумпур халқаро аэропорти орқали транзит пайтида 120 соатгача бўлган вақт давомида бепул транзит йўлланмаси олиниши мумкин. Бунда асосий 2 та шарт – саёҳатчининг Куала-Лумпурдан учиб кетиш чиптаси бўлиши керак ҳамда парвоз Air Aisa ёки Malaysia Airlines авиакомпаниялари томонидан амалга оширилиши лозим.

Малайзия тиббий eVisa’си

Малайзия тиббий eVisa тиббий даволаниш, муолажалар ёки хизматлар учун Малайзияга боришни истаган беморлар учун берилади. Малайзия тиббий визасига онлайн тарзда муваффақиятли ариза бериш учун ариза берувчилар бир қанча талабларга жавоб беришлари керак. Булар орасига Малайзия соғлиқни сақлаш саёҳат кенгаши(MHTS)га аъзо касалхонада тиббий кўрикдан ўтиш ва бу тўғридаги маълумотномани топшириш ҳам киради.

Беморлар Малайзия тиббий eVisa’сидан фойдаланган ҳолда мамлакатда 30 кунгача қолишлари мумкин. Чет эллик беморлар eVisa’дан фақатгина Малайзиянинг тасдиқланган хусусий шифохоналари ва соғлиқни сақлаш вакилларида тиббий кўрикларни банд этишда фойдаланишлари мумкин. eVisa эгалари жамоат соғлиқни сақлаш тизимидан фойдалана олмайди.

Ариза берувчилар тиббий eVisa’га мўлжалланган саёҳат кунидан камида 14 иш кун олдин мурожаат қилишлари керак. eVisa Малайзияга бир марталик, якка тартибда киришга рухсат беради ва ариза берувчининг паспорти тақдим этилган кундан бошлаб 3 ой давомида амал қилади.

 Малайзия визасини олишга имкон берувчи турлича имтиёзлар

Малайзияда истиқомат қилишни истаган чет эл фуқаролари кириш рухсатномасини олиш учун ҳужжат топширишлари мумкин. Шу билан бирга, ушбу рухсатномани олиш мумкин бўлган муайян тоифа вакиллари ҳамда мезонлар мавжуд.

Булар қуйидагилардир:

  • Инвесторлар ва мутахассислар;
  • касб эгалари;
  • Малайзия фуқаросининг турмуш ўртоғи ва 6 ёшдан кичик бўлган фарзанди ёки фарзандлари;
  • балл тизими.

Ҳар бир тоифага мансуб бўлишнинг ўз аниқ талаблари мавжуд. Хусусан, инвестор деб тан олиниш учун қуйидаги талаблар қўйилган:

-        Малайзиянинг исталган банкида камида 2 миллион АҚШ доллари миқдорида муддатли депозитга эга бўлган шахс инвестор ҳисобланади. Эътиборга олиш муҳимки, ушбу депозитдан фақат беш (5) йилдан кейин пул ечиб олишга рухсат берилади.

-        шунингдек, хорижий инвесторнинг битта (1) малайзиялик ҳомийси бўлиши ҳам керак.

Мутахассис сифатида эътироф этилиш учун зарурий белгилар:

-        Соҳавий истеъдод ва маҳоратга эга инсон;

-        Малайзиядаги тегишли идора томонидан берилган тавсияга эга бўлиш;

-        ўз мамлакатидан яхши хулқ-атвор сертификатига эга бўлиш талаб этилади;

-        битта (1) малайзиялик ҳомийси бўлиши.

Касб эгалари ҳам мутахассис каби белгиларга эга бўлишдан ташқари, Малайзиядаги ҳар қандай давлат идорасида ёки хусусий компанияда камида уч (3) йил ишлаган ва Малайзиядаги тегишли идора томонидан сертификатланган бўлиши лозим.

Турмуш ўртоқ ва болалар учун:

а) Малайзия фуқароси билан турмуш қурган бўлиши лозим;

б) узоқ муддатли ташриф паспорти берилган ва мамлакатда доимий равишда беш (5) йил давомида яшаган;

с) “Сурат Акуан Перкаҳвинан” (никоҳ қайд этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома) тақдим этиш;

д) малайзиялик турмуш ўртоғи ҳомийси бўлиши зарур;

э) 6 ёшдан кичик фарзанд ёки фарзандлар учун малайзиялик ота-она ҳомий бўлиши керак.

Балл тизими

Ушбу тизимнинг мазмуни шундан иборатки, сиз Малайзия визасидан бирини олиш аризасини топшириш учун умумий 120 баллдан камида 65 балл тўплашингиз керак. Бунда баллар қуйидаги категориялар бўйича мавжуд сифатларга қараб белгиланади:

1.    Ёш;

2.    Малака;

3.    Малайзияда бўлиш муддати;

4.    Малайзия институти билан танишиш;

5.    Киритилган инвестиция қиймати;

6.    Малайзияда иш тажрибаси;

7.    Малай тилини билиш даражаси.

Масалан, сиз 36 ёшдан 60 ёшгача бўлсангиз, сиз ёшроқ ёки каттароқ ёшдаги номзодлардан юқори балл тўплайсиз. Докторлик даражаси магистр ёки бакалавр даражасидан юқори эканлиги ҳам шулар жумласидан.

Малайзия Иммиграция Департаментининг веб-сайтида кириш учун рухсат олишга балл тизими калькулятори билан балларингизни ҳисоблашингиз мумкин.

Балл тизимига ариза бериш учун босқичма-босқич қадамлар ташланади:

  • Кириш рухсатномаси учун Малайзия Иммиграция Департаментига ариза топширилади;
  • Ариза топшириш Малайзияда амалга оширилади;
  • Барча аризалар учун шахсий резюмелар бириктирилади;
  • Ариза топширилгандан сўнг, ариза берувчи Полиция текшируви шарти билан Иммиграция Департаментида бўлиб ўтадиган суҳбатда қатнашади;
  • Малайзиядаги тегишли идоранинг тавсияси олинади.

        Визасиз кириш режими

Малайзияга сайёҳлик мақсадида кириш учун собиқ СССР мамлакатлари фуқаролари учун қуйидаги муддатларда виза талаб қилинмайди:

  • Россия – 30 кун
  • Беларусь – 30 кун
  • Қозоғистон – 30 кун
  • Қирғизистон – 90 кун
  • Туркманистон – 90 кун
  • Эстония – 90 кун
  • Латвия – 90 кун
  • Литва – 90 кун
  • Арманистон – 30 кун
  • Озарбойжон – 30 кун
  • Грузия – 30 кун
  • Молдова – 30 кун
  • Тожикистон – 30 кун
  • Украина – 30 кун
  • Ўзбекистон – 30 кун

Малайзияга кириш учун юқорида санаб ўтилган мамлакатлар фуқароларига паспорт, қайтиш чиптаси ёки учинчи давлатга чиқиш чиптасининг ўзи етарли. Кириш тартиби ниҳоятда содда: ҳужжатларни текширгандан сўнг паспортга штамп қўйилади ва стикер ёпиштирилади. Бундай штамп Малайзиянинг барча чегара ўтиш жойларида (қуруқлик, аэропортлар, портлар) жойлаштирилган.

Мамлакатга визасиз кириш учун Малайзия миграция талабларига биноан, ушбу мамлакатга ташриф буюраётган хорижий фуқаролар қуйидагиларни тақдим этишлари шарт:

§  мазкур давлатга кирган санадан бошлаб амал қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаган фуқаролик паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжати,

§  Малайзия ҳудудида бўлишлари учун етарли моддий маблағга эга эканликларини исботлашлари,

§  қайтиш ёки учинчи давлатга бориш чиптаси.

Малайзияга киришдан олдин мажбурий эмлаш талаблари мавжуд эмас. Келгандан сўнг паспорт назоратидан ўтмасдан олдин инглиз тилида оддий иммиграцион картани тўлдиришингиз керак (уни мамлакатни тарк этгунга қадар ўзингизда сақлашингиз зарур). Унда қуйидагилар кўрсатилган бўлади: тўлиқ исми, туғилган санаси ва жойи, фуқаролиги, касби, доимий яшаш жойи, паспорт, виза рақами, ким томонидан берилганлиги ва берилган санаси (визаси бўлган тақдирда), жўнаш жойи.

Малайзия божхона қоидалари

Малайзияда божхона қоидалари содда ва жуда демократикдир. Шубҳасиз ноқонуний буюмларни олиб кириш ва экспорт қилиш қатъиян ман этилади, бошқа ҳолларда эса деярли ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас.

Чет элликлар Малайзияга киришда бармоқ изларини қолдиришлари шарт. Ушбу процедура жиноятчилик ва терроризмга қарши курашиш нуқтайи назаридан мажбурий ҳолга айланди. 2 кўрсаткич бармоғидан бармоқ изларини олиш жараёни бир дақиқадан кўп бўлмаган муддатда давом этади. Ушбу процедура паспорт назорати пештахтасида амалга оширилади. Паспортингизни олганингиздан сўнг паспорт назорати ходими иккала қўлнинг кўрсаткич бармоқларини сканерга қўйишингизни сўрайди ва бир неча сониядан сўнг ушбу процедура якунланади.

Қуйидаги маҳсулотларни олиб кириш тақиқланади:

1) Гиёҳванд моддалар

2) Қурол-яроқлар

3) Порнография

4) Исроилдан товарлар

5) Тангалар ва Исроилнинг банкноталари

6) Қуръондан матнлар босилган кийимлар

7) Радиолар

8) 100 граммдан зиёд олтин

9)   Антиқа буюмлар

10) Ёввойи қушлар ва ҳайвонлар

11) Гевия ўсимликлари ва уруғлари

Наркотик воситаларини олиб кириш ва экспорт қилиш учун қонунбузарларга сўзсиз ўлим жазоси берилади.

Камералар, соатлар, ручкалар, зажигалкалар божхона тўловларига тортилмайди.

Сиз божсиз олиб киришингиз мумкин:

-        1 литр кучли алкогол ичимликларни;

-        200 дона сигарет ёки 50 дона сигар ёки тамаки 225 грамм;

-        парфюмерия ва косметика маҳсулотлари 200 ринггитдан кўп бўлмаган миқдорда.

Малайзияга хорижий ва маҳаллий валютани олиб кириш чекланмаган. Аммо валютани олиб чиқишда миллий валюта — 5 минг ринггитгача, чет элга валютаси 5 минг ринггитгача эквивалентда олиб чиқиш мумкин.

Давлатбек Асадов тайёрлади.

Top