Асосий боғларидан маҳрум Тошкент. Бетонлашаётган, бечора Тошкент
Бир вақтлар яшил шаҳарлиги билан кўзни қувнатган, соя-салқин ва кенг боғлари бўлган Тошкент бугун ўз яшиллигини йўқотиб, бетонлашиб боряпти. Маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар учун ҳамиша очиқ бўлган истироҳат масканлари бугун «реконструкция» аталмиш ниқоб остида ҳордиқ улашувчи эмас, пул ишловчи мақомга ўтказиляпти.
Ғафур Ғулом боғи
Бир вақтлар жуда гавжум бўлган «Ғафур Ғулом» номидаги маданият ва истироҳат боғи бугун кимсасиз масканга айланган.
Қўштирноқ ичидаги «хорижий инвестор»ларнинг ҳам шиддати пасайиб қолган. Рекорд даражадаги иссиқда шаҳарликлар сердарахт боғда ҳордиқ чиқаришдан маҳрум.
Боғ атрофи тўсиб қўйилган, аттракционлар бузиб ташланган, боғга юк машиналари кириб чиқиб юрибди.
Бирорта дарахт кесилмаслиги, боғ янада чиройли бўлишини ваъда қилишган. Лекин дарахтлар ҳақиқатан ҳам кесилмаяптими, буни аниқлаш имконсиз, ичкарига киритишмайди.
Миллий боғ
Миллий мақомига эга, яъни Ўзбекистоннинг асосий боғининг ярмига... сити қуриб юборишди.
Ситида эса, табиийки, табиийлик йўқ, яшиллик йўқ. Майсазор ва дарахтзорлар ўрнини темир ва бетонлар эгаллади.
Шаҳар шовқинидан холи, сокин табиат бағрини савдо шохобчалари ва ресторанлар эгаллади.
Бобур боғи
Аҳоли зич жойдаги бу боғ ҳам бир вақтлар кўпчиликнинг севимли маскани эди. Шаҳар тепасида ўтирганларнинг хорижий инвесторга бериш («бериш» феъли ўрнига бошқа сўзни қўллаш ҳам мумкин) иштаҳасидан Бобур боғи ҳам четда қолмади.
Реконструкциядан кейин катта ўзгаришлар бўлиши айтилди. Аммо на инвестор, на реконструкциядан дарак бор. Қаровсиз, ҳувиллаган боғдаги гўзалликдан асар ҳам қолмаган.
Абдулла Қодирий боғи
Миллионлаб аҳолига эга (!), боз устига иссиқ иқлимли (!!) шаҳарнинг қоқ марказидаги (!!!) сердарахт боғ бугун ишламаяпти, ўрнида... меҳмонхоналар қуриляпти. Бир эмас, иккита.
Бу меҳмонхоналарни қуришнинг инвестиция шартлари ҳақида жамоатчиликка тайинли маълумот берилмаган.
Бу даражадаги сурбетлик фақат Тошкентда бўлса керак.
Комрон Чегабоев,
Раҳматилло Исроилов.
Тасвирчи – Шерзод Эгамбердиев.
Мавзуга оид
15:40 / 04.10.2024
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида очиқлик таъминланади
21:45 / 03.10.2024
Зомин тоғлари ЮНEСКО Бутунжаҳон миллий табиий мероси рўйхатига киритилиши мумкин
15:22 / 02.10.2024
Учтепада 20га яқин кўп йиллик дарахтларга заҳарли модда қуйилган. Аҳоли айбдор топилишини хоҳлайди
14:30 / 02.10.2024