Ўзбекистон | 16:47
1450
3 дақиқада ўқилади

Дарахтларга кимёвий воситалар билан шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди

Шунингдек, экология инспекторларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Президент томонидан имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, ўз ҳудудида биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш чоғида белгиланган талабларни бузиб, кимёвий, биологик воситаларни қўллаган ҳолда дарахтларни, буталарни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантирганлик, пайҳон қилганлик ёки йўқ қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, унинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилишларини бартараф этишга доир кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Аввалроқ, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун Сенат томонидан маъқулланган эди.

Қонунда 2 та кодекс ва 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Хусусан, электр токини, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш учун БҲМ 400 бараваридан 600 бараваригача жарима белгилаш ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун кўзда тутилган жарималар миқдори икки бараварга оширилди.

Кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, бинолар, иншоотлар ёки бошқа объектларни қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ёхуд ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш ҳамда капитал таъмирлаш вақтида дарахтларга, буталарга ёки бошқа ўсимликларга қасддан шикаст етказиш, пайҳон ва нобуд қилиш учун БҲМ 35 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 60 бараваридан 75 бараваригача жарима назарда тутилган.

Бундан ташқари, ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузганлик, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун жарима 2 бараварга оширилди.

Экология давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, кўрсатмаларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилиб, фуқароларга БҲМ 5 бараваридан 10 бараваригача мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача жарима белгиланди.

Мавзуга оид