Жамият | 10:15 / 21.06.2021
14349
10 дақиқада ўқилади

АҚШда бизнес очиш, Мексика, Чехия ва Россиядан буюртмалар - Огайодаги ўзбекистонлик тадбиркор билан суҳбат

 UzbekLife дунёнинг турли нуқталарида ўз фаолиятини муваффақиятли йўлга қўйган ўзбекистонлик ватандошларимиз билан суҳбатларни давом эттиради.

Ана шундай ҳамюртларимиздан бири Сайёра Норбўтаева бугунги кунда АҚШнинг Огайо штатида яшайди. Ҳозирда “Тwo dolls cakery” бренди остида ўз бизнесини очишга эришган.

3 ой ичида IELTS сертификатини қўлга киритдим

Зиёли оилада туғилганман. Дадам — юридик фанлар доктори ва профессор, онам қалами ўткир журналист бўлганлар. Оиламизда ўқишга катта эътибор бериларди. Онам ишлари кўп бўлишидан қатъи назар вақт топиб бизни кутубхоналарга олиб борардилар. Келажагимни Ўзбекистон билан боғлиқ ҳолда кўрардим. Тил ўрганиб юртдошларимни бошқа давлатлар маданиятидан бохабар қилишни орзу қилардим. Шу мақсадда Тошкент давлат шарқшунослик университети қошидаги академик лицейда ўқиганман. Ҳинд тилига жуда қизиқардим, шу йўналишда сертификат ҳам олганман. Лицейдан сўнг Шарқшунослик университетига ҳужжат топширдим, афсуски балим бироз камлик қилгани учун талабалик насиб қилмади. Фикримни ўзгартирган нарса – мендан паст балл олган яқин дугонамнинг ўқишга кириб кетиши бўлди. Дугонам учун хурсанд бўлдим, лекин ҳақиқат йўқлигидан кўнглим чўкди. Чунки йиллар давомида талаба бўлиш иштиёқи мени тинимсиз изланишга, тил ўрганишга ундаганди.

Ўша пайтларда синглим Америкага кетиш тараддудида юрганди. Албатта, уйимиздагилар қарши бўлишди бунга: синглимнинг ҳали ёш эканлиги ва қиз бола хорижда қандай яшаши ота-онамни хавотирга соларди. Лекин у барибир уларни ишонтирди ва ўз мақсадига етди — Америкага кетди. Шундан сўнг мен ҳам тайёргарлик кўришни бошлаб, 3 ой ичида IELTS сертификатини қўлга киритдим. Унинг кетиши менга ҳам йўл очиб берди ва синглимнинг ёнига хорижга кетдим. Миссури штатидаги Community College’га ҳужжат топшириб, талаба бўлдим. Ундан сўнг Техасда, Огайо штатларида ҳам таълим олишни давом эттирдим.

Америкада бизнес очиш хаёлимда ҳам йўқ эди

Кўпчилик бу ерда пул топиш осон деб ўйлайди, лекин бу ерда хаёлга ҳам келмаган қийинчиликлар борки, ўқиш, ишга жойлашиш учун анча машаққат чекишга тўғри келади. Биринчидан, Америкада ўқиш жуда қиммат, қиз бола бўлсак-да ота-онамиздан пул сўрашга уялиб ўзимиз иш қидирдик. Бу ерда талабалар учун иш вақти чекланган. Ишдан сўнг ярим тунгача дарс қилардик. Фақат таътил пайтларидагина тўлиқ ишлаб ўқишимизга тўлаш учун пул йиғардик.

Талабалик даврим жуда қийин кечган. Икки йил давомида бошқа миллатга, динга мансуб оилаларда ишлаганман. Аниқроғи, болаларига энагалик қилганман, уйини ҳам тозалаганман, ресторанда ҳам ишлаганман, кутубхонада ҳам бир муддат фаолият юритдим. Турмуш ўртоғим ҳам Ўзбекистондан Америкага ўқиш мақсадида келиб худди шундай босқичларни бошдан кечирган. У бакалаврда бизнес йўналиши бўйича ўқиган, аммо қизиқиши баланд бўлгани сабаб магистратурани компьютер йўналиши бўйича давом эттирган. Ўқиш учун пул топиш у учун ҳам катта муаммо бўлган ва турли жойларда ишлашига тўғри келган.

Америкада бизнес очиш хаёлимда ҳам йўқ эди. Бу ерга ҳамширалик йўналишида ўқиш учун келганман.Аммо кейинчалик соҳамни “Сomputer science” соҳасига ўзгартирдим. Бу соҳа бўйича астойдил ўқишни бошладим, лекин барибир болаликдаги қизиқиш ва интилишлар устун келаркан. Ич-ичимдан бу соҳада ўзини тополмагандай бўлаверардим, иштиёқим ўта юқори даражада бўлмасди. Ёшлигимдан уйда ҳар хил пишириқлар тайёрлашга қизиқардим. Бошқа соҳаларда шунча ўқиш, ўрганишларга қарамай пиширишга бўлган хоҳишларим устун келаверди. Шунинг учун уйдан туриб “Home bakery” очишга қарор қилдим.

Бошида умуман буюртма тушмади

“Home bakery” очиш қийин бўлса керак, деб ўйладим ва бунинг учун нима қилиш кераклиги ҳақида интернетдан маълумотлар изладим. Бунинг учун лицензия олиш керак экан. Яъни инспектор келиб, уйингизда пишириқлар тайёрлаш учун шароит бор-йўқлигини текширади ва хулоса беради. Лицензия олдим ва ишни бошладим. Лекин бошида умуман буюртма тушмади. Ҳаракатимни тўхтатмасдан турли пишириқлар, тортлар пишириб, ҳаттоки текинга тарқатардим. Бундан ташқари реклама учун флаерлар тайёрлаб турмуш ўртоғим билан тарқатиб чиқардик. Ишимни 2019 йилнинг октябрида бошлаган бўлсам, узоқ кутилган биринчи буюртмамни орадан 6 ой ўтиб — 2020 йилнинг март ойида олдим. Пандемия сабаб 2020 йилда унчалик банд бўлмадим, лекин бугунги кунга келиб буюртмалар кўплигидан улгурмаяпман. Ҳозирда “Тwo dolls cakery” бренди остида фаолият юритяпмиз. Компьютер соҳасида ўқиганларим қўл келиб, вақтимни тежаш мақсадида “Тwo dolls cakery” веб-саҳифамни очдим. Бу саҳифада мижозларим ишларимни кўриб, буюртмалар беришади. Буюртмаларни телефон ёки “live chat” орқали қабул қиламиз.

Мен учун қувонарлиси, ҳозирда “Live chat”da бошқа давлатлардан ҳам, масалан, Мексика, Чехия ва Россиядан буюртмалар тушяпти. Улар асосан мен яшайдиган Огайо штатида истиқомат қилувчи қариндошларига ширинлик совға қилиш учун буюртма бериб, етказиб беришимизни сўрашади. Тўловни онлайн тарзда ўтказишади ва биз ширинликларни айтилган манзилга етказиб берамиз. Бошида кичик буюртмалардан бошлаган бўлсам, ҳозирда катта тўйлар учун ҳам буюртмалар оламан. Бу ернинг ширинликлари Ўзбекистоннинг ширинликларидан анча фарқ қилади. Қўшма Штатларда одамлар ширинликларнинг шакари ўта кўп бўлишини ёқтиришади. Кўпчилик мижозларим ҳайрон бўлишган бошида пиширган ширинликларимни еб кўриб. Билмаганим учун бошида улар истагандек тайёрлашга қийналдим, лекин талаблардан келиб чиқиб пишириш услубимни ўзгартирдим. Эндиликда аксарият мижозларимдан эшитадиган мақтовлар менга янада куч беради. Биз ҳозирда Огайо штатида яшаймиз. Бу ернинг ҳавоси тоғли ҳудудда жойлашгани учун жуда тоза.

Бу ерда яшаш барча учун осон эмас – тинимсиз ҳаракат қилиш, ишлаш керак бўлади. Бир кун ишламаган одам оч қолиши табиий. Бу ерда кўпчилик ўқишининг пулини тўлай олмай қийналади. Олийгоҳларда дарслар жуда қизиқ ва ўқиш масаласида талаблар анча юқори. Албатта ҳам ўқиб, ҳам ишлаш қийин. Бунинг учун одамда хоҳиш ва ирода бўлиши керак, шунда ҳар иккаласини ҳам эплаши мумкин.

 

Бизда негадир қиз болани эртароқ турмушга бериб “қутулиш”ни исташади

Ўйлашимча, қиз болани бирон ҳунар ёки касб ўрганмасдан турмушга берилиши хато. Негадир уни турмушга бериш орқали юкимиз енгиллашади деб ўйлашади. Оилада қиз фарзандга ҳам худди ўғил фарзанд каби имкониятлар яратиш, унинг таълим олишига эътибор бериш керак. Ўқиш, касб танлаш, турмуш масаласида ота-онам ҳар доим танловни ўзимизга беришган. Аксарият ватандош қизларнинг ота-онаси уларнинг турмуш қуришларидан хавотирда эканликларини эшитардим, лекин бу масалада ҳам ҳеч қачон мажбурлаш ёки хавотир билдиришмаган. Ҳар доим қўллаб-қувватлаб, мақсадимизга эришишда елкадош бўлишган. Мана, хорижда бўлса-да ўз бахтимизни топдик. Шу ерда турмуш ўртоғим билан танишдик, бир-биримизга маъқул келдик ва ота-оналаримиз розилиги билан турмуш қурдик. Турмуш ўртоғим ҳам худди ўзим каби таълим олиш мақсадида Ўзбекистондан бу ерга келган.

Турмуш ўртоғим аслида дастурлаш соҳасида фаолият юритади. Бир неча йил Америкадаги банкда ўз соҳасида ишлади, айни вақтда суғурта компаниясида дастурлаш бўйича менежерлик фаолиятини олиб боради. Бундан ташқари, турмуш ўртоғим ишдан бўш вақтларида ширинликларни етказиб бериш ёки кремларни тайёрлаш каби куч талаб қиладиган ишларда ўз ёрдамини аямайди. Ҳаётда қандай қарор қабул қилсам ҳам менга ишонади ва қўллаб-қувватлайди.

“Энди нимага ҳам эришардим?” деган фикрга боришмайди

АҚШда менга ёққан ва ҳавасимни келтирган ҳолат — ёши катталар ҳам худди ёшлар каби шижоат билан ўқишади, бундан уялиш ёки “энди нимага ҳам эришардим?” деган фикрга боришмайди. Олийгоҳларда турли ёшдаги талабаларни учратиш ҳеч кимда таажжуб уйғотмайди.

Одамлар ўрта ёшга етганларида ёки қариганларида ҳам ўз мутахассисликларини ўзгартиришлари одатий ҳолга айланган. Ҳеч қачон иккиланмасдан ўзига бегона соҳада ўқиб, яхши мутахассис бўлиб, карьера учун интилаётган инсонларни кўп учратиш мумкин.

Шундай қилиб аста-секинлик билан ҳаётимизни йўлга қўйиб олдик. Бу ерда ҳеч нарсага осонликча эришилмайди. Фақат ҳаракат қилиб қийинчилик билан барчасига эришиш мумкин. Муҳими мақсадларни тўғри қўйиш ва шу йўлда ҳаракатдан тўхтамаслик лозим.

Келгусида фаолиятимизни кенгайтириш ниятимиз бор. АҚШнинг бошқа штатларида ҳам ўз филиалларимизни очишни, етакчи брендлардан бирига айланишни режалаштирганмиз.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид