Ўзбекистон | 18:30 / 24.06.2021
8018
2 дақиқада ўқилади

Республика бўйича 19 мингта бўш турган ва паст қувватда ишлаётган объектлар мавжуд – Шавкат Мирзиёев

Айни пайтда президент раислигида иқтисодиёт ривожида инвестиция ва экспортни кўпайтириш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

«Ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида аввал бўш турган 11 мингта корхона фаолияти тикланди. Мисол учун, узоқ муддат давомида бўш турган собиқ «Андижон Маш» корхонаси негизида кичик саноат зонаси ташкил этилиб, 24та янги корхонада мингдан зиёд иш ўринлари яратилди.

Шу ишлар Тошкент шаҳридаги «Технопарк», Фарғонадаги «Механика заводи»да ҳам амалга оширилган. Лекин, бу ишлар ҳозирги кунда анча секинлашиб қолди десак, бу ҳам ҳақиқат. Масалан, Тошкент шаҳридаги собиқ «Алгоритм заводи», Янгиердаги «Йўл индустрия», ҳар бир тумандаги «Агросервис» корхоналари каби йирик объектлардан фойдаланиш даражаси паст. 

Умуман, айни пайтда республика бўйича 19 мингта бўш турган ва паст қувватларда ишлаётган объектлар мавжуд.
Хоразмда – 3 мингта, Бухорода – 2,5 минг, Тошкент вилояти ва Самарқандда – 2 мингдан, Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё ва Фарғонада – 1,5 мингдан, Сурхондарёда – 1 минг, Навоий ва Наманганда – 800тадан, Жиззах ва Тошкент шаҳрида – 700тадан, Сирдарёда – 400та шундай объект бор.

Бир ой муддатда бўш турган ва паст самарали объектлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, электрон платформаси яратилсин», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид