Ўзбекистон | 17:39 / 24.06.2021
16203
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Раҳбарлар корхоналарнинг муаммоларини ечишга ёрдам беряптими, светини, газини ҳал қиляптими?

Президент сўнгги 4 йилда саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервис лойиҳалари учун 10 млрд доллар инвестициялар йўналтирилгани, 2017 йилдан бошлаб 83 млрд долларлик инвестициялар ўзлаштирилгани ҳақида маълум қилди.

Бугун, 24 июнь куни давлат раҳбари бошчилигида иқтисодиёт ривожида инвестиция ва экспортни кўпайтириш бўйича ишлар, натижалар ва йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

«Бугунги йиғилишимизда ҳозирги даврда ҳар бир келган пулнинг давлатга қандай фойдаси тегяпти, қанча иш ўрни яратяпти, қандай рақобатбардош маҳсулот яратяпти, деган саволларга жавоб олишимиз керак. Ҳар бир ҳоким, раҳбарлар йирик корхоналар, инвестицион лойиҳалар иш билан танишяптими, уларнинг муаммоларини ечишга ёрдам беряптими, светини, газини ҳал қиляптими, деган масалаларни муҳокама қилишимиз лозим.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон иқтисодиётига барча манбалар ҳисобидан 716 трлн сўм (83 млрд доллар) ёки олдинги даврга нисбатан 2 баравардан зиёд инвестициялар ўзлаштирилди. Шундан 26,8 млрд долларини хориждан жалб қилинган маблағлар ташкил этади. Бу нима учун қилиняпти? Рақобатбардош маҳсулот ва иш ўринлари яратиш учун!

Тўғридан тўғри инвестициялар – 10,6 млрд доллар, давлат кафолати остидаги лойиҳалар учун – 8,4 млрд доллар, кафолатсиз кредитлар – 6,6 млрд доллар, банк ва корхоналарнинг халқаро облигациялари – 1,2 млрд долларлик маблағ жалб қилинди.

Ўзлаштирилган инвестицияларнинг қарийб 65 фоизи саноат ва инфратузилма лойиҳаларига тўғри келади. Натижада, сўнгги 4 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти таркибида саноатнинг улуши 25 фоиздан 33 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,3 бараварга ўсди», дея давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид