Жаҳон | 14:15 / 26.06.2021
21138
3 дақиқада ўқилади

Афғонистон президенти АҚШга борди

Икки давлат президентлари ўзаро муносабатларнинг бевосита истиқболлари ва АҚШ/НАТО кучлари чиқиб кетганидан кейинги мамлакат келажагини муҳокама қилди.

АҚШ ва Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик халқаро кучларининг олиб чиқиб кетилиши билан тугамайди ва бошқа кўринишларда давом этади. Бу ҳақда Жо Байден Вашингтонда Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан учрашувда айтиб ўтган. Томонлар икки томонлама муносабатларнинг бевосита истиқболлари ва АҚШ ва НАТО кучлари чиқиб кетганидан кейинги мамлакат келажагини муҳокама қилган.

«Афғонистон ва АҚШ ўртасидаги шериклик тугамайди, балки сақланиб қолади. Бизнинг ҳарбийларимиз кетмоқда, аммо Афғонистонни қўллаб-қувватлашимиз, уларнинг ҳарбий кучларини ривожлантириш, шунингдек, иқтисодий ва сиёсий ёрдам нуқтаи назаридан тугамайди. Афғонистонликлар ўзларининг келажагини, нима исташларини ҳал қилишлари керак. Мамлакатдаги «бемаъни зўравонликлар»ни тўхтатиш керак, аммо бу қийин бўлади. Биз сиз билан қоламиз ва керакли воситаларга эга бўлишингиз учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз», деди Байден.

Афғонистон президенти ўз навбатида АҚШ ҳукуматига мамлакатни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

«Биз муносабатларимизнинг янги босқичига ўтмоқдамиз. Эндиликда ўзаро алоқаларимиз кўп томонлама ҳамкорлик йўналишларини ўз ичига олади. Ўзаро шериклигимиз мавжудлигидан жуда ҳам мамнунмиз ҳамда бу бирдамликка содиқмиз. Бу йўлдаги ҳеч нарсадан афсусланмаймиз. Президент Байденнинг АҚШ ҳарбийларини мамлакатимиздан олиб чиқиб кетиш ҳақидаги қарорини ҳурмат қиламиз. Бу афғонистонликлар учун ҳам, АҚШ ва минтақа халқлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга», дея таъкидлаган Ашраф Ғани.

Шунингдек, Афғонистон президенти учрашувда Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги элчихонаси ўз ишини давом эттиришини , ҳарбий ёрдам ҳам баъзи ҳолатларда тезлаштирилган жадвал бўйича давом этишини айтиб ўтган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 14 апрель куни Жо Байден Афғонистондаги ҳарбий операцияларни тугатишга қарор қилганини эълон қилганди. Қўшма Штатлар бу урушни 2001 йил октябрида бошлаган ва мамлакат тарихидаги энг узоқ давом этган хориждаги ҳарбий операция ҳисобланади. АҚШ ҳарбий контингенти 11 сентябрга қадар Афғонистонни тарк этиши кутилмоқда.

Мавзуга оид