Ўзбекистон | 10:28 / 26.06.2021
16569
2 дақиқада ўқилади

«Пойтахтимиздаги ишлар суръатидан мен қониқмаяпман. Нега фаоллар ташаббус кўрсатмаяпти?» - Шавкат Мирзиёев 

Жорий йил 25 июн куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бир қатор лойиҳалар билан танишди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Kun.uz мухбири хабарига кўра, ташрифнинг якуний қисмида давлат раҳбари Чирчиқ дарёси бўйидаги қурилишлар жараёнини кўздан кечирди. Дарё бўйида тикланган махсус айвонда Тошкент шаҳри ва туманлари ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари иштирокида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди. 

“Албатта, Тошкент шаҳрида катта ишлар амалга ошириляпти. Лекин пойтахтимиздаги ишлар суръатидан мен қониқмаяпман. Нега пойтахт фаоллари мурожаат билан чиқишмаяпти, ташаббус кўрсатишмаяпти, нуронийларимиз, оқсоқолларимиз катта ишларимизда камарбаста бўлишмаяпти?! 

Бугун Саховат маҳалласида бўлдим. Пойтахтдаги 531 та маҳалланинг ҳар биттаси ана шундай обод бўлиши керак. Олдин иқтисодий имкониятимиз йўқ, дердик. Ҳозир керагича, ҳатто ортиғи билан маблағни ажратиб беряпмиз. Статистик маълумотларга кўра пойтахтда 105 минг, 7,7 фоиз аҳоли ишсиз. Лекин яхшилаб ўрганилса, бу рақам ўзгаради. Тошкентда ишсизлик бўлмаслиги керак! Пойтахтнинг имкониятлари билан Андижоннинг ёки Сурхондарёнинг имкониятларини солиштириш мумкинми? Бундай муқаддас заминда яшаш ҳаммага насиб қилмайди. Ҳар бир ҳоким, ҳар бир туман ўзига хос ғурур нуқталарини топиши, бу йирик лойиҳаларни амалга оширишда ҳаммани сафарбар қилиши лозим. Чунки қарс икки қўлдан чиқади. Тошкентни обод қилмасак бўлмайди”, давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.
 
Бундан ташқари президент уюшмаган ёшлар билан тизимли ишларга оид топшириқлар берди.

“Ички ишлар вазири, бош прокурор ва Миллий гвардия қўмондонига топшириқ – ҳоким билан биргаликда Тошкент шаҳри мисолида уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори юзасидан таклиф беринглар ва бу қарорни менга тақдим қилинглар. Бу қарорни ишга тушириб, кейин республика бўйича татбиқ қиламиз”, деди президент.

Мавзуга оид