Ўзбекистон | 19:58 / 28.06.2021
31378
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Марказий Осиё лидери мақомига даъво қиладими? Абдулазиз Комилов жавоб берди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “This Is America TV” телевизион лойиҳасининг Ўзбекистонга келган муаллифи Деннис Вулига интервью берди.

Видеодан кадр

Интервьюда Абдулазиз Комилов америкалик суҳбатдошнинг: “АҚШ нима учун Марказий Осиёга қизиқиши керак?” деган саволига жавоб қайтарди.

“Биласизки, сўнгги вақтларда Марказий Осиёда геосиёсий жиҳатдан жуда муҳим ўрин тутмоқда. Чунки Марказий Осиё – Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Покистон каби йирик минтақавий ўйинчилар учун қизиқарли ҳудуд. Иккинчидан, бизда кўплаб табиий ресурслар бор. Шунингдек, бу ер – Шарқ ва Ғарб ўртасидаги чорраҳа ҳисобланади.

Қолаверса, биз Афғонистон тарафдан терроризм ва экстремизм каби хавфларга юзлашмоқдамиз. Бу каби барча муаммолар фақатгина соф халқаро ҳамкорлик доирасида ҳал қилиниши мумкин.

Албатта, Марказий Осиёда кўплаб қудратли кучларнинг ўз шахсий манфаатлари ҳам бор. Шунинг учун, биз ҳозирги кунда Марказий Осиё муҳим геосиёсий марказ бўлиб қолганини таъкидлаймиз”, – деди вазир.

Комилов Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан сиёсати ҳақида ҳам тўхталди.

“Эътибор берган бўлсангиз, бизнинг ташқи сиёсатимизда устувор йўналиш қўшниларимиз билан конструктив ва дўстона муносабат ҳамда яқин ҳамкорлик қилишга берилади.

[...] Бир тарафда бизда Марказий Осиёнинг маркази бўлиш каби ноёб позициямиз бўлса, яна бир тарафдан қўшни давлатларнинг барчаси билан алоҳида ҳал қилиниши керак бўлган кўплаб муаммолар бор. Сўнгги уч йилда биз минтақада сув тақсимоти, энергия ресурслари, чегараларни аниқлаштириш каби кўплаб мураккаб ва нозик муаммоларни еча олдик.

Биз ҳозир Марказий Осиёда янги сиёсий муҳитни ярата олдик. Президент Мирзиёев доимий равишда Марказий Осиё раҳбарлари саммитини ўтказиб боришни таклиф қилди. Биз буларнинг бир нечтасини ўтказдик, балки кейингиси Туркманистонда бўлиши мумкин”, – деди Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг лидери мақомига даъво қиладими? Дастур муаллифининг навбатдаги саволи шундай янгради.

“Биласизми, биз ўз зиммамиздаги масъулиятни англаймиз. Бироқ минтақада алоҳида мавқедаги ўйинчига ёки лидер мамлакатга айланиш истагимиз йўқ.

Шу билан бирга, минтақадаги вазиятни яхшилаш, хавфсизликни кучайтириш бўйича ўз ташаббусларимиз ҳам бор. Бир нечта мисолларни айтиб ўтаман. 2018 йилда президент Мирзиёев Афғонистон масаласида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини билдирди. Вазирлар иштирокида ўтган бу конференция Афғонистонда тинчликка эришиш жараёнларини тезлаштиришда муҳим аҳамият касб этди, шунингдек, Афғонистон атрофида янги сиёсий жараёнларни юзага келтирди.

Шу нуқтайи назардан, биз қўшниларимиз билан ўзаро тенг ва дўстона муносабатлар қуришни хоҳлаймиз. Чунки бизнинг умумий жиҳатларимиз кўп: биз гаплашадиган тиллар бир оилага киради, динимиз ҳам, дарёларимиз ҳам бир. Умумий энергоресурслар ва транспорт коммуникацияларидан фойдаланамиз. Шулардан келиб чиқилса, Марказий Осиё – такрорланмас ўзига хосликка эга минтақа”, – дея жавоб қилди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.

“Чегараларни очдингизлар. Кейинги қадам қанақа бўлади?” – сўради Деннис Вули.

“Биз чегараларни очдик. Кейинги босқич – қўшниларимиз билан сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликка мустаҳкамлаш. Шунингдек, кун тартибимизда ҳали ҳал этилмаган баъзи муаммоларимиз бор. Бу борадаги музокараларни давом эттирамиз, фақат яхшироқ шарт-шароитларда: бу музокаралар ўзаро ишонч, тушуниш ва дўстликка асосланади”, – деди Абдулазиз Комилов.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид