Жамият | 16:48 / 29.06.2021
2314
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдаги кўприк қурилиши маблағ етишмовчилиги сабаб тўхтаб қолгани маълум қилинди

Жорий йил 28 июнь куни Сурхондарё | Kun.uz Телеграм каналида «Шерободда қурилиши тугалланмаган кўприк сабаб аҳоли дарёдан кечиб ўтмоқда» сарлавҳаси билан танқидий видеолавҳа эълон қилинган эди. Туман ҳокимлиги мазкур видеолавҳа бўйича муносабат билдирди. Унда ёзилишича, кўприк қурилишининг охирига етмаганига маблағ етишмовчилиги сабаб бўлган.

Туман ҳокимлиги саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик мажмуаси берган маълумотга кўра, Шеробод дарёси Қишлоқбозор ва Чуқуркўл маҳаллаларини боғлайдиган кўприк бир неча йиллар аввал кучли сел оқибатида яроқсиз ҳолга келган. Кўприкни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишлари режа қилинган ва 2020 йил 19 февраль куни «Хўшбоқ Али Ангор» МЧЖ томонидан қурилиш ишлари бошланган.

Қайд этилишича, кўприкни таъмирлаш ишлари учун жами 4 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунгача кўприкда 70 фоиз, жами лойиҳа қийматидан 2 миллиард 900 миллион сўмлик ишлар бажарилган. Қурувчи ташкилотга маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ ўтказиб берилган.

Таъкидланишича, маҳаллий бюджетда ортиқча маблағлар йўқлиги сабабли қурилиш ишлари вақтинча тўхтаб қолган. Ҳозирда Сурхондарё вилоят маҳаллий бюджетидан яна 370 миллион сўм пул маблағи ажратилган. Қурилиш ташкилоти томонидан ишларини давом эттириш учун Тошкент шаҳрига тегишли материалларга буюртмалар берилган ҳамда қурилиш-монтаж ишлари бошланмоқда. Қурилиш ишларини якунлаш учун яна 1 миллиард 930 миллион сўм маблағ зарур бўлади.

P.S. Демак, яна қарийб 2 миллиард пул топилмаса, Шерободдаги кўприкнинг битиши ортга сурилаверади.

Мавзуга оид