Спорт | 12:56 / 30.06.2021
12387
8 дақиқада ўқилади

Саутгейтнинг қасоси: Германия қаторасига иккинчи турнирда ёмон қатнашди. Лёвнинг даври тугади

Евро-2020 1/8 финалида немислар Йоахим Лёв бошқарувидаги сўнгги ўйинда инглизларга мағлуб бўлди. Англия «Уэмбли» мезбонлигида ўтадиган Евро-2020 финали томон бормоқда.

Фото: AFP

Евро-2020. 1/8 финал
Англия — Германия — 2:0
 (0:0)
Голлар: Стерлинг, 75 (1:0). Кейн, 86 (2:0).
Англия: Пикфорд, Уокер, Магуайр, Стоунс, Триппьер, Филлипс, Райс (Ҳендерсон, 88), Стерлинг, Сака (Грилиш, 69), Шоу, Кейн.
Германия: Нойер, Ҳуммелс, Гинтер (Эмре Жан, 87), Рюдигер, Киммиҳ, Горецка, Кроос, Ҳаверц, Мюллер (Мусиала, 90+2), Гозенс (Сане, 88), Вернер (Гнабри, 68).
Огоҳлантиришлар: Райс, 8. Гинтер, 25. Филлипс, 45. Гозенс, 72. Магуайр, 77.
Ҳакамлар: Маккели. де Фрис, Стегстра (барчаси — Нидерландия).
ВАР: ван Букел. Блом (иккиси — Нидерландия), Приэто Лопес де Сераин, Эрнандес-Эрнандес (иккиси — Испания).
29 июнь. Лондон. «Уэмбли» стадиони.

ЖЧ-2014да олтин. ЖЧ-2010да бронза. Евро-2008да кумуш. Евро-2012 ва Евро-2016 турнирларида бронза. 2017 йилги Конфедерациялар кубогида олтин. Ва сўнгги икки йирик турнирда муваффақиятсизлик - ЖЧ-2018да гуруҳдан чиқа олмаслик, Евро-2020 1/8 финалида турнирни тарк этиш. Шу тариқа, Лёвнинг «Бундестим»даги фаолиятига якун ясалди. Умуман олганда, аъло натижалар, аммоси бор...

Сешанба куни қадрдон «Уэмбли»да «Уч шерлар» кучлироқ экани маълум бўлди. Инглизлар конкретроқ ёндашди, аниқроқ ўйнашди, қатъиятлироқ бўлишди. Булар эса Стерлинг ва Кейннинг голларига олиб келди.

Англия ва Германия қарама-қаршилиги ҳар қандай замонда ва ҳар қандай вазиятда - алоҳида аҳамият касб этади. Бу қарама-қаршилик илдизлари узоқ тарихга эга, энг ёрқин лаҳзалар эса 1966 йилги жаҳон чемпионати финалида содир бўлган, ўшанда инглизлар баҳсли гол уришганди. Жеффри Ҳерстнинг ғалаба голи урилганда тўп дарвоза чизиғи устидан майдонга қайтган, аммо ўшанда қанот ҳаками бўлган Тавфиқ Баҳромов голни инобатга олганди ва якунда Англия жаҳон чемпионига айланганди.

Бу инглизларнинг жаҳон ва Европа чемпионатларидаги ягона соврини бўлиб қолмоқда. Немислар эса 7 бор чемпион бўлиб улгуришди.

Бу шунчаки ғалаба қозониб кейинги босқичга ўтиш керак бўлган 1/8 финал ўйини эмасди. Ўйиннинг аҳамияти юқорироқ эди.

Статистикага қараб бир нарса дейиш қийин. Немислар «Уэмбли»да 1975 йилдан буён мағлуб бўлишмаган — етти ғалаба ва бир дуранг. Хусусан, 1996 йилги Европа чемпионатида пенальтилар сериясида Германия устун келган. Шу билан биргаликда, жами учрашувлар ҳисобга олинса, инглизлар устун: 16 ғалаба, 7 дуранг ва 13 мағлубият. Бундестимни ҳеч қайси жамоа бу қадар кўп мағлуб этмаган.

Сўнгги статистика маълумотлар эса немис мухлисларини ранжитади: Германия сўнгги 9 ўйинда 15та гол ўтказиб юборган, инглизлар эса атиги битта. Саутгейт жамоа ҳимоясини бетонлаб ташлаган. У жорий турнирда ҳимояни янада мустаҳкамлади ва уч марказий ҳимоячи билан ҳаракатланмоқда - Уокер, Магуайр ва Стоунз. Мухлислар жамоа ўйини зерикарли бўлаётганидан норози бўлаётган бўлишса-да, бу услуб натижа бермоқда.

Германияга қарши ўйин стартида Саутгейт Чехия билан таққослаганда биргина ўзгартириш амалга оширди - Грилиш ўрнида Триппьер майдонга тушди. Йоахим Лёв Венгрияга қарши кечган омадсиз ўйиндан кейин жиддий ўзгаришлар қилди: Гундўған, Сане ва Гнабри ўрнида Горецка, соғайган Мюллер ва Вернер бошланғич таркибдан ўрин олди.

Британлар бош мураббийи Гарет Саутгейт германиялик ҳамкасбидан фарқли ўлароқ, кўтарилиш босқичида. Унинг бошқарувида футбол ватани вакиллари Россиядаги жаҳон чемпионати яримфиналига қадар боришган, ҳозирда эса жамоанинг салоҳияти янада юқорироқдек кўринмоқда. Англия ўйинини ҳеч ким жуда кучли деб баҳоламайди, аммо бош мураббий прагматик ўйин билан барқарор натижалар кўрсатиб келмоқда: керак вақтда ҳужумкорлик, керак вақтда прессинг, керак вақтда тўпни назорат қилиш, вазиятдан келиб чиқиб тўғри ҳаракатланиш.

Кимдир бу ўйиндан худди аввалги оқшомда бўлгани каби голлар ёмғири кутган бўлса (Хорватия - Испания 3:5, Франция - Швейцария 3:3), уни хафагарчилик кутаётганди. Бу ўйинда хатонинг қиймати жуда юқори эди, бу ўйинда нима бўлганда ҳам мағлуб бўлиш мумкин эмасди. Ҳам Евродан чиқиб кетасан, ҳам тарихий учрашувни бой берасан. Натижада, биринчи бўлимда Вернер ва Кейн биргаликда жами бўлиб 21 марта тўпга тегинишди.

Немислар ўйин бошидан рақибни таслим этишга ҳаракат қилишди, Горецка дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб бориши мумкин эди, аммо унга тезлик етишмади, Райс сариқ карточка олиб бўлса ҳам рақибни тўхтатиб қолди. Яна бир вазиятда Вернер шундай ҳолатга чиқиб борди ҳам, аммо у ўзига хос тарзда вазиятни кўкка совурди.

Англияликлар қатъият билан ва барқарор равишда ҳужумлар амалга оширишди. Аммо энг яхши вазият биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда юзага келди - Мюллер тўпни йўқотиб, рақибнинг тезкор хавфли ҳужумига сабабчи бўлди - Ҳуммелс қандайдир мўъжиза билан Кейндан ўзиб кетди.

Биринчи бўлим зерикарли кечди, иккинчи бўлим эса жуда зерикарли бошланди, мураббийлар шахмат ўйнашга киришди. Бу ҳолат 75-дақиқагача давом этди, шу дақиқада инглизлар идеал ҳужум уюштириб немислар ҳимоясини уч узатма билан доғда қолдирди. Ҳужумга якуний нуқтани Стерлинг қўйди - Англиянинг Евродаги шу вақтгача урилган уч голи муаллифи.

Шундан кейин ўйин жонланди. Мюллер яққол вазиятдан гол ура олмади. 2018 йилги жаҳон чемпионатидан кейин терма жамоадан кетган, аммо Евро-2020 арафасида қайтарилган фахрий футболчи хато зарба берди. Ҳисоб 1:1 бўлиши ўрнига 0:2 бўлди - Кейн ўз вазиятидан фойдаланди.

Вернер ва Мюллер ўз вазиятларидан фойдаланганида ўйин қандай якунланган бўларди, буниси қоронғи. Аммо «Челси» форвардининг зарбасини Пикфорд қайтарди, «Бавария»нинг фахрий футболчиси бирга-бир вазиятда тўпни дарвозага тўғри тепа олмади. Стерлинг ва Кейн эса комбинацияларга совуққонлик билан якун ясашди. Шафқат қилмасдан. Немисларга хос тарзда.

Саутгейт давридаги «Уч шерлар» немисларнинг энг яхши даврларини ёдга солмоқда. Инглизлар сабр қилишни ва ўз вақтини кутишни ўрганишди, улар 90 дақиқа давомида бир ёки икки вазият бўлса, шундан фойдаланишни ўрганишди.  

Саутгейт учун бу ғалаба — реванш, у буни 25 йил кутди. 1996 йилнинг 26 июнь куни Гарет «Уч шерлар» сафида Англия мезбонлигида кечган Европа чемпионати ярим финалида Германияга қарши ўйин якунида бўлиб ўтган пенальтилар сериясида хато қилган ягона футболчи бўлганди.

Бу ғалаба аҳамиятини англаш учун унинг ҳакамнинг ўйин тугагани ҳақидаги ҳуштагидан кейинги хурсандчилигига боқиш кифоя.

1980-1990 йилларда инглиз футболи юлдузи бўлган Гари Линекернинг «футболда 22 киши ўйнайди, якунда барибир немислар ғалаба қозонади» ибораси энди ишламайди. Тавқи лаънат кучини йўқотди.

Англия ўз йўлида давом этади. Эҳтимол мезбонлар «Уэмбли»даги финалда ҳам ўйнашар - Саутгейт жамоаси дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолмоқда. Германия эса қаторасига иккинчи бор катта турнирда муваффақиятсизликка учради - 2018 йилги жаҳон чемпионатида амалдаги чемпионлар бўлиб ҳам гуруҳдан чиқа олишмаганди. Лёвга таркибни ёшартириш ҳам, Ҳуммелс ва Мюллер каби фахрийларни қайтариш ҳам ёрдам бермади.

Лёвнинг терма жамоадаги узоқ давом этган йўли якунланди - у 2006 йилдан буён жамоани бошқариб келаётганди. 

Энди жамоани инқирозли вазиятдан олиб чиқиш учун Ҳанс-Дитер Флик ҳаракат қилиб кўради. Бу жамоани қайси футболчи ўз ортидан эргаштиришини кўриш қизи, бир қарашда таркибда кучли футболчилар жамланган. Умуман, шундай футболчи бўлармикин.

Auf Wiedersehen, Deutschland*. Welcome, England!**

*Хайр, Германия (нем.) **Хуш келибсан, Англия (ингл.)

Мавзуга оид

Эълонлар

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти