Ўзбекистон | 20:42 / 30.06.2021
4670
6 дақиқада ўқилади

Ёшлар бандлигини таъминлаш учун амалга ошириладиган вазифалар белгилаб берилди

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда ёшлар бандлигини таъминлаш учун эътибор қаратиш керак бўлган масалалар ҳақида гапирди.

«Маълумки, бу йил мамлакатимизда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини қарийб 560 минг нафар ёшлар тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяди. 

Шу боис, ёшларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Бунда, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратамиз. 

Биринчидан, ҳар ўқув йили якуни билан туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида битирувчилар бандлигини таъминлашга оид дастурлар қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

Дастурда, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида қанча ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, қанчасини иш билан таъминлаш, нечта стартап ва тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш белгиланиши шарт. 

Бу бизнинг ёшлар билан янгича ишлаш бўйича “бандлик”, “инновация” ва “инвестиция” дастуримиз бўлиб хизмат қилади. 

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда секторлар раҳбарлари ҳар ҳафтада бир марта ёшлар билан учрашиб, уларнинг ғоя, таклиф ва ташаббусларини эшитиб, муаммоларини ҳал қилишга масъул ва жавобгар бўладилар.

Иккинчидан, бугунги кунда олий маълумот талаб қиладиган 80 мингга яқин бўш иш ўринлари мавжуд. Мисол учун, транспорт, геология, қишлоқ хўжалиги, маданият, спорт соҳаларида билим ва малакаси етарли бўла туриб, олий маълумоти йўқлиги учун, минглаб ёшларимиз ишга кира олмаяпти. 

Шу боис, жорий йилда олий маълумот талаб этадиган касб ва лавозимлар қайта кўриб чиқилади ҳамда уларнинг камида 150таси бўйича бундай талаб бекор қилинади. Бундай енгиллик туфайли, 10 мингдан ортиқ ёшлар ишга жойлашади. 

Учинчидан, мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

Бу борада, Андижон вилоятида жами 41 минг мактаб битирувчиларининг 25 минг нафарини касб-ҳунарга ўргатиш орқали, бандлигини таъминлаш бўйича тажриба, барча ҳудудларда кенг қўлланилиши керак.

Бундан буён, мактаб битирувчисига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида бўлади. 

Бу тизим давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат таълим ташкилотлари билан бирга йўлга қўйилади. 

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар йили 1 сентябрга қадар мактаблар кесимида 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш рўйхати ва дастурини маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб, тасдиқлайди. 

Парламентимиз палаталари ушбу талабни қонун даражасида мустаҳкамлаши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ўйлайманки, ушбу ташаббусни барча ота-оналар қўллаб-қувватлайди. Чунки, касб-ҳунар эгаллаган инсон бировга муҳтож бўлмайди, бузғунчи ғояларга берилмайди, ҳаётда албатта ўз йўлини топади.

Тўртинчидан, қишлоқларда яшаётган 230 мингдан ортиқ ишсиз ёшларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун жорий йилда 61 минг гектар ер майдонлари ажратилди. Шунингдек, ғалладан бўшаган ерлардан яна 75 минг гектари 170 минг нафар ёшларга такрорий экин экиш учун берилди. 

Жорий йилда бошлаган ер ислоҳотимиз доирасида, пахта ва ғалладан қисқарадиган майдонларда озиқ-овқат экинлари етиштириш учун ерларни 10 йил муддатга ижарага бериш тизими йўлга қўйилади.

Бу билан, вилоят ва туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари учун яна 500 минг нафар ёшларни доимий иш билан таъминлаш имконияти яратилади.

Бешинчидан, ёшларга бериладиган имтиёзли кредитлар ва лизинг асосида 50 мингдан зиёд енгил конструкцияли замонавий автосервис, маиший хизмат, чакана савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари барпо этилади.

Бунда, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари Касаба уюшмаси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги бошлаган Олот тажрибасини ўз ҳудудида йўлга қўйишлари шарт.

Олтинчидан, ахборот технологияларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берамиз. Шу мақсадда, жорий йил якунига қадар Қорақалпоғистон, Андижон, Самарқанд, Сирдарё ва Навоийда ёшлар технопарклари фойдаланишга топширилади. 

Келгуси йили Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона, Хоразм ва Сурхондарёда ҳам шундай технопарклар барпо этилади. 

Шунингдек, ёшларнинг стартап ғояларини саралаб олишнинг очиқ-ошкора тизими йўлга қўйилиб, энг яхши лойиҳаларни молиялаштиришга келгуси йилда бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ ажратамиз.

Вилоят ҳокимлари ёшларнинг “Бизнесга биринчи қадам” стартап лойиҳалари танловини жорий этиб, ҳар бир тумандан камида учтадан ғолибларга маҳаллий бюджетдан грантлар бериб боради.

Битта грантнинг суммаси ўртача 50 миллион сўмни ташкил этади. Бу ишларни самарали ташкил этишга Ахборот технологиялари ва Инновация вазирликлари, Ёшлар агентлиги ҳамда уларнинг қуйи тузилмалари масъул бўлади.

Еттинчидан, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб – қувватлаш Миллий банк раиси Мирсоатов ва банкнинг барча филиал раҳбарларини асосий вазифаларидан бўлади.

Бунда, ёшларни бизнесга ўқитиш, “Лойиҳалар фабрика”ларида янги ғоялар асосида инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва молиялаштириш бўйича доимий ишлайдиган ҳамда ёшларга қулай ва қизиқарли бўлган янги тизимни яратиш зарур.

Шунингдек, банк томонидан хориждаги ёшларимизга Ватанимизга қайтиб ишлаш, ўз бизнесини ташкил этиш, уларни уй-жой шароитларига ёрдам бериш йўлга қўйилиши керак.

Ушбу ишларни молиялаштириш мақсадида, бюджетдан қўшимча 100 миллион доллар маблағ ажратилади.

Аввалги форумда ажратилган 100 миллион доллар, айни пайтда ёш тадбиркорлар томонидан ўзлаштирилмоқда.

Энди Миллий банк, Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо саноат палатаси нуфузли хорижий олийгоҳлар билан ҳамкорликда, Тошкент шаҳрида ёшларни тадбиркорликка ўргатиш бўйича янги бизнес мактаб ташкил этсин», деган давлат раҳбари.

Келгуси йилдан ушбу бизнес мактабнинг барча ҳудудларда филиаллари очилади. Ушбу янги тизимни ташкил этиш С. Умрзоқовга юклатилади.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Янгиланган Open билан харидлар янада қулайроқ!

Synergy PharmCo Gricar Chemical SRL Италия фармацевтика заводи билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери