Ўзбекистон | 13:01 / 03.07.2021
9758
2 дақиқада ўқилади

Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилмоқда

Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2 июл куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Озарбойжоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусейн Гулиев ўртасидаги музокараларда маълум бўлди.

Музокаралар чоғида томонлар икки тарафлама ҳамкорликнинг бугунги кун тартибини, уни кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, илгари эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Инвестиция соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Саноатнинг тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик ва электротехника соҳаларида ўзбек ишлаб чиқарувчилари билан саноат кооперациясини йўлга қўйиш учун Озарбойжон компанияларини жалб этиш ишларини жадаллаштиришга келишилди.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш йўллари муҳокама қилинди. Икки мамлакат иқтисодиётлари яқин келажакда йиллик савдо айланмаси ҳажмини 500 млн долларгача етказиш учун барча шарт-шароитларга эга экани таъкидланди.

Томонлар транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларига ҳам эътибор қаратди. Ўзаро юк ташишни кўпайтириш ва икки мамлакат транзит салоҳиятини ошириш бўйича қатор масалалар кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилишга йўналтирилган қўшма агрологистик кластерларни яратиш имкониятлари ўрганилди.

Алоҳида тартибда қатор икки томонлама тадбирларга, жумладан, Ўзбекистонга олий даражадаги ташриф ҳамда Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш чора-тадбирларига тўхталиб ўтилди.

Музокаралар якунида томонлар олдин эришилган келишувларни амалга ошириш ва илгари суриш, шунингдек, икки томонлама шериклик йўналишларини кенгайтириш бўйича фаол ҳамкорлик қилишга содиқлигини билдирди, дейилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида.

Мавзуга оид