Иқтисодиёт | 16:10 / 06.07.2021
19195
2 дақиқада ўқилади

Ойлик нарх-наво: Мол гўшти қимматлашди, картошка арзонлади

Мониторинг натижаларига кўра, мол гўшти, сут ва шакар нархи ошган. Тухум, картошка, гуруч, ўсимлик ёғи, буғдой уни каби маҳсулотлар нархи пасайган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) ички бозорда нархлар бўйича мониторинг натижаларини эълон қилди. Хусусан, 2021 йил 26 майдан 30 июнгача бўлган даврда Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган нархларнинг вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича ўзгариши таҳлил қилинган.

Қуйида кўриб чиқилаётган давр учун картошка, мол гўшти, сут, тухум, ўсимлик ёғи, гуруч, буғдой уни, шакар нархларининг ўзгариши келтирилган.

Республикада ўртача нархларнинг ўсиши мол гўшти (1 фоиз ёки 61 минг 867 сўм/кг), сут (1,2 фоиз ёки 6 160 сўм/литр) ва шакар (1 фоиз ёки 8 492 сўм/кг) нархларида акс эттирилган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори нарх ўсиши:

  • мол гўшти Хоразм (5 фоиз), Қашқадарё (1,7 фоиз) вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (1,7 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (1,8 фоиз);
  • сут Андижон (5,4 фоиз), Самарқанд (3,3 фоиз) вилоятларида;
  • шакар Сурхондарё (4,1 фоиз), Бухоро (3,2 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (2,4 фоиз).

Республикада ой давомида ўртача нархларнинг пасайиши тухум (7,8 фоиз ёки 9 834 сўм/10 донаси), картошка (18,3 фоиз ёки 3 337 сўм/кг), гуруч (0,3 фоиз ёки 10 минг 123 сўм/кг), ўсимлик ёғи (0,9 фоиз ёки 18 минг 804 сўм/литр) ва буғдой уни (0,1 фоиз ёки 4 873 сўм/кг) каби маҳсулотлар нархида қайд этилган.

Ҳудудлар кесимида нархларнинг энг катта пасайиши қуйидагилар учун кузатилган:

  • мол гўшти Навоий (3 фоиз) вилоятида;
  • сут Сирдарё (3,2 фоиз) ва Хоразм (2,1 фоиз) вилоятларида;
  • тухум Сурхондарё (17,3 фоиз), Жиззах (11,5 фоиз), Наманган (10,7 фоиз) вилоятларида;
  • картошка Хоразм (25,8 фоиз), Фарғона (25,6 фоиз), Сурхондарё (24,6 фоиз), Наманган (23,8 фоиз) вилоятларида;
  • гуруч Андижон (2,6 фоиз), Самарқанд (1,3 фоиз), Қашқадарё (0,8 фоиз) вилоятларида;
  • буғдой уни Наманган (4,8 фоиз), Навоий (1,6 фоиз) вилоятларида;
  • шакар Хоразм (2,1 фоиз), Сирдарё (1,5 фоиз) вилоятларида.
Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид