19:58 / 06.07.2021
24703

Ўзбекистонда оилавий ажрашишлар кескин кўпайди

Ўзбекистонда 2021 йилнинг биринчи ярмида оилавий ажримлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ортди. Йил бошидан бери қарийб 20 мингта оила ажрашиб кетди. Энг кўп ажрашишлар Тошкент шаҳрида рўй бермоқда.

2021 йилнинг январь-июнь ойларида республика бўйича 19 407та ажрим ҳолатлари кузатилган.

Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврида 12,8 мингта ёки 2019 йилнинг шу даврида 16 мингтани ташкил қилган.

Республика бўйича ажримлар сони жорий йилнинг дастлабки 6 ойи давомида 2020 йилга нисбатан 34 фоизга, 2019 йилга нисбатан эса 17 фоизга кўпайган. Бундан Статистика қўмитаси маълумотлари дарак бермоқда.

Январь-март ойларида ҳудудлар кесимида энг кўп ажримлар сони Тошкент шаҳри (2830та), Фарғона (2111та), Самарқанд (2041та) ва Тошкент (2018та) вилоятларида кузатилган.

2021 йил январь-март ойларида энг кам никоҳдан ажрашиш ҳолатлари Жиззах (620та), Навоий (645та) ва Сирдарё (662та) вилоятларида қайд қилинган.

Аввалроқ, Ўзбекистон Гендер комиссияси ажримлар оқибатида жамиятга етадиган зарарлар ҳақида тадқиқот ўтказган эди. Тадқиқот хулосасига кўра, ажрашган аёлларнинг аксариятида қуйидаги муаммолар юзага келган.

Биринчидан, турар жой муаммоси пайдо бўлади. Бола билан ота-онасиникида яшаш қийин. Ижара нархи эса қиммат. Тўланган алимент бу пулнинг ярмини ҳам қопламайди.

Иккинчидан, фарзандлар ота меҳрисиз ўсади. Сўровномада қатнашган 51 нафар аёлнинг 44 нафарида жами 70 нафар бола бор ва улардан 99 фоизи отаси билан умуман кўришмаслиги маълум бўлган. Биргина 2019 йилда 31 389та оила ажрашгани ҳисобга олинса, бундай болалар сонини тахмин қилиш мумкин. Маълум бўлишича, эркаклар нафақат боладан хабар олмайди, балки турли баҳоналар билан алимент тўламасликка ҳаракат қилади.

Учинчидан, ажрашган аёлларга жамиятда нотўғри кўз билан қаралади: интим муносабатлар таклиф этилади, ижарага қўйишни хоҳлашмайди.

Респондентлар ажримларга собиқ турмуш ўртоғининг рўзғор бошқаришда масъулиятсизлиги, мустақил фикри йўқлиги, оилага бошқаларнинг аралашуви (қайнана, қайнсингиллар), эркакнинг ёмон иллатларга ружу қўйгани, оилада аёлга қулдай муносабатда бўлишлари, хиёнат каби омилларни сабаб қилиб келтирган.

Top