Йиғилишда маҳаллий уруғдан фойдаланиш даражасини 2030 йилгача 75 фоизга етказиш имкони борлиги, бунинг учун наслли уруғчилик станциялари фаолиятини тиклаш зарурлиги қайд этилди.

Тақдимотда Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги наслли уруғчилик станцияларида элита уруғлар тайёрлашни йўлга қўйиш, мавжуд 10 та ипак қурти уруғчилик корхонасига қўшимча жорий йилда Бухоро ва Наманганда 2 та янги уруғчилик корхонасини, 2027-2029 йилларда Тошкент, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 4 та янги корхона ташкил этиш режалари ҳақида ахборот берилди.

Наслчилик ва уруғчилик корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга хорижий малакали мутахассисларни жалб қилиш, мавсумий ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатининг ярмини қоплаб бериш ҳамда уларнинг фаолиятини даромад ва ижтимоий солиқ объекти сифатида ҳисобламаслик таклиф этилди. Пилла сифатини ошириш учун озуқа базасини яхшилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Озуқа базасини 2026-2030 йилларда босқичма-босқич кенгайтириш режалаштирилган. Жумладан, 8 минг гектарда янги тутзорлар барпо қилиш, 41,5 минг гектар майдонда якка қатор тут кўчатларини экиш, 15 минг гектардаги тутзорларни реконструкция қилиш назарда тутилган. Бунинг натижасида 2030 йилга қадар 200 миллионта тут кўчатлари экилиши ва озуқа базаси 30 фоизга ошиши кутилмоқда. 2026 йилда 30 минг тонна, 2030 йилга бориб, 36 минг тонна пилла етиштиришга чиқиш режа қилинмоқда.

Соҳадаги ишлар янги тизим асосида ташкил этилади. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, вилоят ва туман “Агропилла” тузилмалари, ипакчилик кластерлари ўзаро мувофиқлашган тарзда иш юритиб, янги тутзорларни ташкил этишдан тортиб, етиштирилган пиллани сотиб олишгача бўлган барча босқичларда фермерлар, касаначилар ва қурт боқувчилар ишини ташкил этади ҳамда уларга кўмаклашади.

Кам даромадли, ижтимоий реестрга киритилган оилаларни пиллачиликка жалб этиш ва уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, жорий йилдан бошлаб “маҳалла еттилиги” орқали аҳолига 1 килограмм пилла қийматининг 35 фоизи миқдорида субсидия, парваришлаш жиҳозлари ва ускуналар харидига 20 миллион сўмгача ссуда ажратиш йўлга қўйилади.

Пиллачиликда саноат усулини кенгайтириш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Ҳозир пилланинг асосий қисми хонадон шароитида етиштирилаётгани қайд этилар экан, махсус қуртхоналар ташкил этиш орқали ҳажм ва сифат барқарорлигини таъминлаш мумкинлиги таъкидланди. Кластерлар томонидан қуртхоналарни қуриш ва ишга туширишни рағбатлантириш, шу жумладан, қуртхоналарни ер ва мол-мулк солиғидан 2029 йил 1 январга қадар озод этиш таклиф қилинди.