Қозоғистонда “Silkway” ва “Мирас” университетларининг лицензияси бекор қилинди
Қозоғистоннинг “Орда” (аввалги “Silkway” халқаро университети) ва “Мирас” университетлари лицензияси суд қарори билан бекор қилинди.
Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги “Орда” (аввалги “Silkway” халқаро университети) ва “Мирас” университетлари лицензияси тўхтатилганини маълум қилди.
2020 йили бу икки ОТМда ўтказилган текширувлар натижасида бир қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган ва камчиликлар бартараф этилгунига қадар бу университетлар фаолияти тўхтатилган эди. Университетлар тегишли чоралар кўрмагани учун суд қарори билан чеклов ўз кучида қолдирилган.
“Университетлар ўтган 8 ойни аниқланган камчиликларни бартараф этиш эмас, қўмита қарори устидан шикоят қилиш билан ўтказди. Аммо Чимкент шаҳрининг туманлараро ихтисослаштирилган маъмурий суди қарорига кўра, қўмита қарори ўз кучида қоладиган бўлди”, – дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ Таълим сифатини таъминлаш бўйича мустақил агентлик ҳам ушбу университетлар аккредитациясини тўхтатган. Қозоғистон қонунчилигига кўра, бу – университетлар битирувчиларга диплом бера олмаслигини англатади.
“Қозоғистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунига биноан, таълим билан шуғулланиш учун лицензияни бекор қилиш ёки таълим ташкилотини тугатиш билан муассаса талабаларни бошқа таълим ташкилотларига ўтказиш чораларини кўради”, – дейилади хабарда.
Таъкидлаш лозим, ўз давлатида лицензияга эга бўлмаган ва аккредитацияланмаган хорижий ОТМлар дипломлари Ўзбекистонда тан олинмайди.
Мавзуга оид
17:04 / 11.12.2024
Қозоғистонда куйдирги сабабли чорва учун мажбурий карантин жорий этилди
18:39 / 15.02.2024
Қозоғистон Ўзбекистондан тарихий мерос буюмларини қайтаради
18:33 / 14.02.2024
Қозоғистондаги ёнғинда Ўзбекистон фуқаролари жабрланди
10:15 / 12.02.2024