16:00 / 30.08.2020
9063
Қозоғистондаги бир нечта ОТМлар лицензияси тўхтатиб қўйилди

Қозоғистондаги 3та олий таълим муассасаси лицензиясини тўхтатиб қўйилди, яна 2та ОТМларнинг лицензияси масаласи судда кўрилмоқда. Уларда таълимга оид қонунчилик талабларини бузилгани маълум қилинди.

Фото: elzhastary.kz

Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги мамлакатдаги бир нечта ОТМлар лицензиясини амал қилишдан тўхтатиб қўйди. Вазирлик хабарига кўра, қайта ўтказилган текширувларда ҳам улар томонидан таълимга оид қонунчилик нормалари бузилгани аниқланган.

Натижада «Олмаота» университети, Олмаота Иқтисодиёт ва статистика академияси ва А.Куатбеков номидаги халқлар дўстлиги университетининг лицензияси тўхтатилган.

«Қайнар» академияси ва «Silkway» халқаро университети эса текширув натижалари юзасидан судга ариза киритган бўлиб, айни пайтда бу масала судда кўрилмоқда.

«Суд жараёнлари якунлангач, тегишли чоралар кўрилади», – дейилади вазирлик хабарида.

Бундан ташқари, М.Х.Дулати номидаги Тараз регионал университетига берилган лицензиянинг «Ҳуқуқ» (бакалавриат) бўйича қисми тўхтатилган.

«Абитуриентларга шуни маълум қиламиз: қонунчиликка асосан, таълим фаолияти учун берилган лицензия амал қилишдан тўхтатилган ҳолда ОТМ 2020/21 ўқув йили учун қабулни амалга ошира олмайди», – дея якунланган Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги ахбороти.

Маълумот учун, 18,7 млн аҳолига эга Қозоғистонда 130га яқин ОТМ мавжуд. Уларнинг деярли учдан икки қисми хусусий.

Top