Спорт | 20:48 / 11.07.2021
14249
20 дақиқада ўқилади

Бу ҳали бошланиши. Англия футболидаги ислоҳотлар, Саутгейтнинг роли ва кейинги ўн йил фаворити ҳақида

Қизиқ парадокс, бугун финалда ўйнайдиган Англия миллий жамоаси турнир давомида энг кўп танқидга учраган жамоалардан бири. Ҳатто юлдузли Бельгия ёки Германия турнирни анча аввал тарк этган бўлса-да, у қадар босимни ҳис қилишмади. Гарет Саутгейт шогирдлари потенциалидан тўлиқ фойдалана олмаяпти, жуда кўп иқтидорли футболчилар бўлса-да, жамоа анча прагматик, эҳтиёткор ва хунук футбол намойиш этмоқда, дейишди нейтрал мухлислар.

Фото: AFP

Чиндан ҳам, Санчо, Грилиш, Маунт, Рэшфорд, Стерлинг каби ўтган мавсум қаҳрамонлари бир таркибда нималарга қодир эканини кўриш қизиқ, лекин яна бир бошқа савол ўйлантиради – 55 йилда илк бор йирик турнир финалига чиққан Англия нималар қилди-ки, шу даражага келди? Ахир мураббийлар таркиб йиғиш учун «Саутҳэмптон» ёки «Эвертон»дан ўйинчи излаб юрганига кўп бўлмади-ку? Яқин яқингача ҳам АПЛ топ-клубларида инглиз футболчилари йўқ эди.

Ҳозир вазият бошқача. Англия нафақат Евродаги энг юлдузли ва қимматбаҳо таркибга эга, балки бу футболчилар анча ёш ҳам. Ҳар бир топ-клубда мунтазам равишда тўп сураётган «тинэйжерлар» ҳам бор – «Сити»да Фоден, «Юнайтед»да Гринвуд, «Челси»да Маунт каби футболчилар ҳали ўз сўзларини айтишгани ҳам йўқ. Англия қандай қилиб бу даражага келиб қолди?

Асрнинг дастлабки ўн йили, аввалги авлоднинг якунини эсланг: аввалига Стив Макларен бошчилигида Англия Евро-2008 йўлланмасидан қуруқ қолди. Кейин Фабио Капелло ҳам даври ўтган фахрийлар билан ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини кўрсатиб берди – ЖЧ-2010да гуруҳдан зўрға чиққан инглизлар нимчорак финалда Германияга йирик ҳисобда ютқазди.

Коул, Терри, Лэмпард, Жерард ва Фердинанд кабиларнинг даври ўтиб борар, уларнинг ўрни Дэнни Уэлбек ва Фил Жонс кабиларга қолаётганди. 2013/14 йилги Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида 78 испан, 55 немис ва атиги 23 нафар инглиз футболчиси тўп сурган. Англия миллий жамоаси мураббийига қанчалик қийин бўлганини тасаввур қилаверинг. Ўша даврлар фонида Гарет Саутгейт бугунги авлод жаллоди ўлароқ, тайёр ошни пишира олмаётган ошпаздек кўриниши мумкин, лекин аслида айнан Саутгейт Англиядаги футбол ислоҳотларининг бош ижрочиларидан бири эканини кўпчилик билмаса керак.

2010 йилда АФА катта ўзгаришлар амалга оширишга киришди. Ислоҳотлар билан «Милдсбро»дан истеъфога чиқиб, ФАда ривожланиш бўйича директор лавозимига ўтирган Гарет Саутгейт, шунингдек, Тревор Брукинг (ҳозирги директор), футболчилар ва мураббийларни ривожлантириш департаменти раҳбари Мэтт Крокер, ҳамда ФА техник директори Дэн Эшфортлар шуғулланишни бошлади. Табиийки, мамлакат футболи билан энг тепадан бошлаб қайғурилди: АПЛ президенти Ричар Скадэмордан тортиб Буюк Британия спорт вазиригача бир ёқадан бош чиқаришди.

Биринчи қадам – Болалар футболидаги машғулотлар мазмуни ўзгарди

Аввало, ФА асосий муаммони тан олди – ёш инглиз футболчилари АПЛ клублари асосий таркибига кира олмаяпти ва рақобатда нафақат хорижий юлдузларга, балки ўртамиёна футболчиларга ҳам бой бермоқдалар. Қайғули факт – 2012/13 йилги мавсумда 21 ёшдан кичик инглиз футболчиларининг АПЛдаги вақти атиги 2,28 фоизни ташкил қилади. «Сити», «Челси», «Суонси», «Сток Сити» ва «Уиган» клублари сафида бу ёшдаги бирорта инглиз майдонга туширилмади. CIES (ФИФА тадқиқот маркази) маълумотига кўра, ўша мавсумда атиги 35 нафар 21 ёшдан кичик бўлган инглиз футболчиси майдонга тушган – 2005 йилдан буён энг паст кўрсаткич. 2005-йилларда инглиз жамоалари Европада анча етакчи ўринларда бўлишгани, биз қараётган мавсумда эса, АПЛ еврокубокларда Бундеслига ва Ла Лигадан анча ортда қолиб кетганини ҳисобга олсак, вазият янада оғир бўлганини тан олишга мажбурмиз.

Аввалига ҳаммаси осон йўлдан кетаётгандек эди, масалан АПЛ клубларига қайдномада ўз тарбияланувчиларига эга бўлиши кераклиги борасидаги лимит ҳақида сўз борди. Лекин кейинчалик барча эътибор болалар футболига қаратилди ва лимит анча юмшади: ҳозирда клублар ўз тизимида уч йилдан ортиқ шуғулланган ёш футболчини тарбияланувчи сифатида қайдномага кирита олади.

2012-14 йилларда Англияда ёшларни тарбиялаш борасида радикал ислоҳотлар рўй берди. Бу ўзгаришлар икки асосий ҳужжат пойдевори устига қурилди.

Премьер Лига элита тоифадаги футболчиларни ривожлантириш режаси (Premier League Elite Player Performance Plan)

Англия ДНКси (England DNA)

ФА тадқиқотларига кўра, инглиз футболчилари ҳаддан ташқари кам шуғулланиши маълум бўлди. 21 ёшга бориб, 7 ёшдан бошлаган футболчи ўртача 3760 соат машғулот ўтаса, испанларда бу кўрсаткич 4880 соатга, французларда 5740, нидерландиялик ўсмирда 5940 соатга тенг. Бошқа солиштирув ҳам бор: Англияда ўртача 15 ёшли сузувчи ҳафтасига 15 соат шуғулланади, шу ёшдаги футболчи эса, атиги беш соат.

Муаммо турнирларнинг сифатида: инглиз ёшлари жуда кам четга чиқишади, халқаро ўйинлар кам, умуман ФА фикрига кўра, улар босим остида ўйнашга тайёр эмас. Футбол Ассоциацияси бу муаммони машғулотлар сонини ошириш ҳамда янги турнирлар ташкил қилиш билан ечишга ҳаракат қилди. Қизиқ томони, турли ёш тоифаларидаги умумий сони 212дан ортиқ бўлган бу турнирлар ниҳоятда хилма-хил бўлиб, гўёки, FIFA симулацияси режимларига ўхшайди – футболчиларга нафақат ўйин вақти тақдим этилади, балки муайян жабҳаларда маҳоратни ошириш имконини беради.

Масалан, ФА томонидан энг муҳим ва ўтиш даври ҳисобланган 12-16 ёш тоифасидаги турнирларга эътибор қаратайлик:

  • U-13 миллий кубоги – уй ва сафар тизимида ўйнаш имконияти бор.
  • Футзал турнирлари – мини форматдаги мусобақалар ёрдамида футболчи техник томондан ривожланиши ва якка-якка ҳолатларда тез қарор қабул қилишни ўрганиши мумкин.
  • U-15лар учун Floodlit Cup турнири – турли оғир шароитлар таъминланади. Болалар ноқулай об-ҳавода ва ўта ёруғ прожекторлар остида ўйнайдилар.
  • Power Play – худди футзал турнири каби, аммо баланд мусиқа ҳам қўйилади. Ўйин пайтида кутилмаганда баланд мусиқа янграй бошлаб, футболчиларнинг диққатини бўлишга ҳаракат қилинади. Мусиқа пайтида урилган голлар иккита ҳисобланади. Бундай ўйинлар футболчиларнинг концентрациясини оширишда ёрдам беради.

АПЛ ҳам бу жараёнларда фаол қатнашди. Лига Bio-Banding дастурини ишга туширди, унга кўра ҳар йили болаларнинг биологик ёшига кўра танлаб олиш имконини берувчи турнирлар ташкил қилинади. Шунчаки, маълум ёш тоифалари жамланмасдан, болаларнинг жисмоний ривожланишига қараб, биологик ёши эътиборга олинади. Бу айниқса, йилнинг иккинчи ярмида туғилиб, йилнинг бошида туғилган тенгқурларига нисбатан қийналадиган болалар учун муҳим. Кичик ёшларда ярим-бир ёш ҳам катта аҳамият касб этиши турган гап.

Бундан ташқари, Премьер Лига EPPP (Premier League Elite Player Performance Plan) лойиҳалари учун ҳар тўрт йилда 320 миллион фунт ажратишга ваъда берди ва резерв жамоалари чемпионати ўрнига АПЛ U-21ни тузиш таклифини берди. 2012 йилдан бери ўйналаётган бу турнир аввалгисидан фарқ қилади. Биринчидан, бу энди ҳудудий эмас, миллий, бутун Англия учун турнир, иккинчидан, фақат уч нафар 21 ёшдан ўтган футболчини тушириш мумкин, холос. Илгари клублар захирада қолиб кетган футболчиларни формада ушлаб туриш учун ўйнатишарди. Учинчидан, ўйинлар асосий стадионларда, мухлислар кўз ўнгида бўлиб ўтмоқда – табиийки, ёш футболчилар учун керакли тажриба.

Иккинчи қадам – барча терма жамоалар ўртасидаги боғлиқлик юқори босқичга олиб чиқилди

2014 йилдан ислоҳотларнинг кейинги босқичига ўтилди. Эшфорт, Саутгейт (у пайтда ёшлар миллий жамоаси мураббийи) ва Крокер DNA England (Инглиз ДНКси) режасини ишлаб чиқишди. EPPP асосан клублар даражаси ва футболчининг 16 ёшгача ривожланиб боришини қамраса, DNA England унинг мантиқий давоми бўлиб, U-15дан бошлаб, барча ёш тоифалардаги терма жамоалар номзодларини ўз ичига олади. Бу ерда асосий беш савол муҳим:

  1. Биз киммиз? (Инглиз футболчиларида Англия миллий жамоасида ўйнашга эҳтирос уйғотиш)
  2. Қандай ўйнаймиз? (Барча жамоалар амал қиладиган ўйин услуби)
  3. Англия миллий жамоасининг бўлажак футболчиси қандай бўлиши керак? (Янги ўйин моделига мос бўлган футболчиларни излаш)
  4. Қандай шуғулланамиз? (барча ёш тоифалар машғулотлари учун умумий фалсафа ўрнатиш)
  5. Жамоани қандай қувватлаймиз? (спорт илми ва тиббиётни ривожлантириш)

Бу ерда энг муҳими, ўйин услуби. Инглизлар ўз тизимларининг мукаммал эмаслигини тушуниб етдилар: кучли ва тезкор атлетлар етиштириш мумкин, аммо...

«Агар Хави ва Иньеста инглиз футбол тизимида улғайган бўлишганида, мана шундай буюк футболчилар бўлиб етишармиди? Мен бунга ишонмайман», – деганди Саутгейт.

Таҳлилчилар етти асосий футбол мамлакатларини ўрганиб чиқиб, тайёрланиш методлари ва терма жамоа муваффақиятларидаги боғлиқликни топишга уринди. Маълум бўлишича, таркибида техникаси юқори футболчилар кўп бўлган жамоалар кўпроқ совриндор бўлар экан. Испания, Бельгия каби мамлакатларга эргашиб, инглизлар ҳам болалар футболида 11га 11 ўйинлардан воз кечдилар ва майдон ўлчамларини кичрайтирдилар. Энди ҳар бир бола кўпроқ тўп билан муомала қилади. Умумий машғулотнинг ҳам камида 70 фоизи тўп билан кечади – бу ҳам мажбурий талаб.

«Аслида барча ёш тоифаларидаги терма жамоалар ягона услубда тайёрланиши керак. Уларни фақат футболка размерлари фарқлаб турсин», – дейди кўпинча Эшфорт.

Дастлабки даврларда ғоявий йўлбошчи Гарет Саутгейт эди. У дарҳол ўзининг U-21 жамоасини миллий жамоа услубига мослаштириб, таркибга тўп билан ишлашда маҳоратли бўлган ижрочиларни жалб этди. Жесси Лингард, Том Кэррол ва Уилл Ҳюзни. Шунингдек, Саутгейт кичик ёшдаги жамоаларга ҳам ёрдам берди. «Гарет бизнинг турнирларимизга келиб, томоша қиларди», – деб эслайди U-16 мураббийи Дэн Миккише, - «айнан шундай турнирларнинг бирида у илк бор Трент билан танишганди».

Меваларни 2016 йилгача кутишга тўғри келди. Майда Саутгейт жамоаси Пикфорд ва Лофтус Чиклар билан Тулондаги турнирда ғалаба қозонди, декабрда эса, U-16 Флоридада Бразилия ва АҚШ жамоаларини ютиб, Nike совринини қўлга киритди. Бу ғалабалар янги тизимдаги илк ютуқлар бўлиб, шундан сўнг инглизлар танлаган йўлларига янада амин бўла бошладилар.

Учинчи қадам – Инфратузилмани яхшилаш

Инфратузилмадаги ўзгаришлар болалар футболидан ҳам кўра кенгроқ ва каттароқ. Шартли равишда уларни учга бўлиш мумкин:

  • Оммавий спорт шароитларини яхшилаш;
  • Академияларни модернизациялаш;
  • Англия терма жамоаси учун Миллий марказни ташкил қилиш.

ФА 2012 йилда сўровнома ёрдамида аниқладики, футбол билан шуғулланадиган инсонларнинг 84 фоизи асосий муаммо сифатида шароитларни айтар экан. Лондонда мамлакат аҳолисининг 16 фоизи истиқомат қилади, аммо жами футбол объектларининг атиги 3 фоизи Лондонда жойлашган. Бутун Ливерпулда фақатгина бир дона юқори сифатли тўлиқ футбол майдони бор ва у ҳам «Ливерпуль» футбол клубига тегишли. ФАнинг баҳолашича, 1,5 миллион инглиз футбол ўйнашни истайди, лекин майдон йўқ. «Аксарият болалар чанг ва лойдан иборат бўлган, нотекис ерларда ўйнашади ва у шароитларда техникани ривожлантириб бўлмайди», – деб ёзганди BBC Sport ўз тадқиқотларининг бирида.

2013 йилда ФА ва АПЛнинг қўшма фонди ишга тушди ва кейинги уч йилда 102 миллион фунт «энг қуйи қатламлар»даги инфратузилмани яхшилашга йўналтирилди. Аслида шу каби фонд (Football Foundation) аввалдан бўлган, лекин клублар бу йўналишда пул сарфлагиси келмас, доим қисқартириш пайида бўлардилар. Қаранг, бир қараганда, умуман клублар учун ҳавога пул совуришдек туюлади, аммо узоқ истиқболда меваларини бермоқда. «Сити», «Челси», «Юнайтед», «Ливерпуль», «Арсенал» каби клублар Фоден, Маунт, Абраҳам, Гринвуд, Трент, Сака каби иқтидорларга эга бўлди, энди улар Испания ёки Франциядан катта суммаларга футболчи сотиб олишга ўн йил олдинги қадар муҳтож эмас.

Янги фонд клубларнинг хайрия дастурлари билан ҳам ҳамкорлик қилиб, энг қашшоқ худудларга энг юқори сифатли чим билан қопланган, ҳар бири 500 минг фунт турадиган стадионлар қура бошлади.

«Бу пуллар мамлакатга катта наф келтиради», – деганди спорт вазири Элен Грант фонднинг очилиш маросимида, - «энди спортга олдингидан кўпроқ пул сарфланмоқда ва аввалгидан кўпроқ инглизлар спорт билан шуғулланишмоқда».

«Фонд шаҳарларимиз учун фойдали» – дейди Ричард Скадэмор, - «у ерларда қашшоқ оилаларнинг спортга қизиқадиган лекин бунга шароит топа олмаган жуда кўп болалари бор. Айнан шу каби лойиҳалардан бўлган Kickz бизга Раҳим Стерлинг ва Уилфрид Заа каби футболчиларни тақдим этганди».

EPPP’нинг яна бир бандларидан бири клуб академияларига тегишли. Бу борада Германиядан намуна олган ФА академияларни категориялаштирди. Академиялар ўнлаб пунктлар асосида 1дан 4 категориягача таснифланади. Юқори баҳо олиш жуда муҳим, чунки юқори категориядаги академия пастки академиядан иқтидорли футболчини осонлик билан қўлга кирита олади. Бунинг учун клуб билан келишиши шарт эмас, ФА томонидан белгиланган нархни тўлайди, тамом. Шу тариқа, энг иқтидорли футболчиларнинг категорияси, яъни шароити яхшироқ бўлган академияларга ўтиши енгиллаштирилган бўлса-да, айнан шу қоидага қаршилар кўп. Зеро, топ-клублар академиялари ўз молиявий имкониятларидан фойдаланиб, осонлик билан энг яхши футболчиларни олиб қўйишлари осон бўлиб қолган. Тўғри, яна бир қоида бор – боланинг янги академиясининг уйидан узоқлиги бир соатлик йўлдан ортиб кетмаслиги керак.

Аммо тескари мисоллар ҳам кўп. Масалан, энди кичикроқ клублар ҳам категорияда юқорига чиқиш учун академияни яхшилашга киришдилар. «Кристал Пэлас» реконструкция учун 20 миллион фунт сарфлади, «Бёрнли» 10,6 миллионга ўқув маркази очди, ҳатто Лига 2даги «Мэнсфилд Таун» янги академия учун 2,5 миллион фунт ишлатди. Клублар бу инвестициялар ёрдамида келажакда миллионлаб фойда қилиш ёки катта трансфер харажатларини камайтириш мумкинлигини тушуниб қолди.

Ислоҳотлар 2012 йилдан бошланди, 2014 йилда иккинчи босқичга старт берилди. Инглизларнинг ЖЧ-2018 ва Евро -2020даги муваффақиятларини фақат болалар футболи билан боғлаш тўғри бўлмайди, албатта. Лекин қуйидаги рақамлар эътирофга лойиқ:

Сўнгги йилларда Англия барча ёш тоифаларда Европада етакчилик қилмоқда. 2017 йилда Англия икки жаҳон чемпионатини ютди: 17 ва 20 ёшлилар тоифасида. 19 ёшлилар тоифасида Европа чемпиони бўлди. U17 Евро финалига чиқиб, фақат пенальтилар сериясида ютқазди. U-21 Европа чемпионатида яримфиналда фақат пенальтилар сериясида ютқазди. U-18 жамоаси Тулонда нуфузли турнир ғолиби бўлди. Бутун футбол тарихида фақат икки мамлакат бир йилда ҳам 17 ҳам 20 ёш тоифасида чемпион бўлган. 2017 йилда Англия ва 2003 йилда Бразилия.

Аввалги авлодлардан фарқли ўлароқ, бугунги ўсмир юлдузлар юқори даражада ҳам давом этмоқдалар. U-17дан Санчо, Фоден, Ҳадсон Одои ва Эйнжел Гомес (Португалия чемпионатида яхши ўйнамоқда), U-19 Европа чемпионларидан Маунт, Рис Жеймс, Сессеньон, U-20 жаҳон чемпиони бўлганлардан Томори, Кэлверт-Льюин, Лукман, Ҳендерсон ва Мэйтленд-Найлз.

АПЛ ҳам ўзгармоқда. 2020/21 мавсумида ҳар 10 футболчидан 4 нафари Англия терма жамоасига номзод бўла олишади. Сўнгги 12 йилдаги энг яхши кўрсаткич. 2019/20 мавсумидан буён U-23 инглиз футболчилари умумий вақтнинг 15 фоизини олмоқда, сўнгги беш йилдаги энг яхши кўрсаткич. CIES таъкидлашича, Лигада ёш футболчиларнинг умумий сони сезиларли ошмаган бўлса-да, уларнинг аҳамияти ошган. Буни биз айнан юқори ўринлардаги клублар сафида инглизлар сони ошганидан ҳам кўришимиз мумкин.

Бундан ташқари, ёш футболчилар британ футболи қобиғида ўралашиб қолмасдан, осонлик билан бошқа лигаларда ҳам ўзларини кўрсата олмоқдалар. Ижара шартномалари ёрдамида Лукман (Лейпциг), Нелсон (Ҳоффенҳайм), Санчо (Боруссия) каби футболчилар Бундеслигада ўсдилар. Ҳимоячи Жонжо Кенни «Шальке»да яхши мавсум ўтказди. Райан Сесеньон Моуриньодан сўнг, «Ҳоффенҳайм»да эски даражасига қайта бошлади. Жуд Беллинҳэм дортмундликлар сафида ЕЧЛ плей-оффларида асосий таркибда тушмоқда. Томори бир мавсумда «Милан»да ўзини кўрсатиб, 28 миллион еврога трансфер қилиняпти. Инглизлар йилдан йилга рақобатбардош бўлиб бормоқдалар. Яқин йилларгача ёш инглизлар нидерландиялик ёки испаниялик тенгқурларига ютқазиб қўйишарди.

Евро-2020да Англия энг ёш таркиблардан бирига эга – 24,8. Фақат Испания ва Туркиянинг таркиблари ёшроқ эди. Миллий жамоанинг асосий юлдузлари – Стерлинг, Кейн, Пикфорд, Уокер ва Магуайр 25-30 ёшлар орасида, яъни ислоҳотлар бошланаётганда бу футболчилар катталар футболига кириб келаётган эди. Бугунги асосий таркиб футболчилари ичида фақат Мейсон Маунтни тўлақонли ислоҳотлар меваси дейишимиз мумкин.

Аммо жуда кўп ёш иқтидор эгалари ҳам шу сафда борки, уларнинг айримлари Саутгейт билан Еврода қатнашмоқда ва мураббий ҳозирча улардан фойдаланмаяпти. Айримлари эса, катта эҳтимол билан кейинги циклларда пайдо бўлишади. Улар – янги асрда туғилган юлдузлар: Мэйсон Гринвуд (ислоҳотлар бошланиш пайтида 10 ёшда бўлган), Санчо (11 ёш), Фоден (12 ёш), Сака (11 ёш) Беллинҳэм (9 ёш), Дин Ҳендерсон (12), Ҳадсон-Одои (11), Кертис Жонс (12). Яна «Бавария»да порлаётган 18 ёшли Жамал Мусиалу ҳам бор, у ҳам инглиз футбол тизимида тарбияланди, аммо терма жамоа сифатида Германияни танлади.

Бу авлодда бирорта ҳам шармандали натижалар йўқ. 2021 йилнинг баҳорида The Athletic салоҳияти энг юқори бўлган 20 нафар ёш иқтидорлар бўйича ҳисобот тайёрлади ва у ерда 13 футболчи англиялик.

2013 йилда ФАнинг янги раҳбари Грег Дайк ислоҳотларнинг асосий мақсадини эълон қилганида, Евро-2020 ярим финали ва Қатардаги ЖЧда ғалаба қозонишни айтганди.

Саутгейт бугуноқ ўша режани ортиғи билан бажариши мумкин. Гап унда эмас. Бундай турнирларда ғалаба қозонишнинг йўллари, мисоллари кўп. Ҳамма чемпионлар ҳам саккиз йил кутишмаган-ку, тўғрими? Лекин юқоридаги ислоҳотларнинг ютуғи бошқа жойда: 55 йилда илк марта катта турнир финалига чиққан Англия танқид остига олиняпти, бутун салоҳиятдан тўлиқ фойдалана олмаётган мураббий сифатида Саутгейт танқидга учрамоқда. Тасаввур қиляпсизми? Бундай пойдевор, бундай муносабат билан энди Англия нафақат бу турнирда, балки келажакда яна бир нечта йирик турнирларда асосий фаворит бўлиб келаверади, Мана буниси каттароқ ютуқ. Мана буниси тизимли, оғир ва ҳалол меҳнатнинг самараси. Қойил қолиш керак.

Sports.ru материали асосида Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид