Жаҳон | 21:44 / 12.07.2021
11556
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда карантин чоралари кучайтирилади

Қозоғистонда эпидемиологик вазият ёмонлашаётгани сабабли коронавирус тарқалиши юқори даражада бўлган “қизил” ҳудудларда карантинни кучайтиришга қарор қилинди.

Ҳозирда пойтахт Нур-Султон, Алмати, Чимкент шаҳарлари, Оқмола, Оқтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Қўстанай, Манғистау ва Павлодар областлари “қизил” ҳудудларга киритилган.

Бу ҳудудларда шаҳарлараро, област ичидаги, шаҳарлардаги мунтазам ва номунтазам (туристик) автобус ва микроавтобус қатновини амалга ошириш тақиқланади, ёпиқ пляжлар ва аквапарклар фаолияти тўхтатилади.

Шунингдек, дам олиш ва байрам кунлари жамоат транспорти, умумий овқатланиш шохобчалари, фитнес-марказлар, спорт-соғломлаштириш объектлари, сув ҳавзалари, кинотеатрлар, театрлар, концерт заллари, компьютер клублари, билярдхоналар, караокелар фаолияти тақиқланади. Бундан ташқари, ушбу кунлар очиқ бозорлар, ярмаркалар, спорт объектлари, таълим марказлари, болалар ва катталар учун тўгараклар, фудкортлар ҳам ишламайди.

Иш кунлари эса “қизил” ҳудудларда фитнес-марказлар, спорт-соғломлаштириш объектлари, сув ҳавзаларининг фаолиятини соат 20гача; савдо уйлари, савдо тармоқлари, умумий овқатланиш объектлари фаолиятини эса соат 18гача чеклашга қарор қилинган.

Шунингдек, давлат идоралари ва областлар раҳбарларига тушунтириш ишларини кучайтириш ҳамда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш қамровини кенгайтириш вазифаси топширилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид