Жаҳон | 23:01 / 12.07.2021
4854
2 дақиқада ўқилади

Хитой COVAX дастури доирасида 550 млн дозагача вакцина етказиб беради

Ҳозирга қадар COVAX дастури орқали бутун дунё бўйича атиги 102 млн доза вакцина етказилди. Ташкилот 2022 йил бошигача 1,8 млрд доза вакцина тарқатишни режалаштирган.

Хитойдаги вакцина ишлаб чиқарувчилар коронавирусга қарши 550 млн дозагача вакцина етказиб бериш бўйича COVAX шартномасини имзолади. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.

«Келишув доирасида COVAX қатнашчиларига келгусида доза миқдорини ошириш имконияти билан 110 млн доза вакцина етказиб берилади», — дейилади вакцина ва иммунизация бўйича GAVI глобал альянси сайтида. Альянс COVAX дастурининг асосий ҳомийларидан бири ҳисобланади.

Sinopharm Group компанияси кейинроқ қўшимча 110 млн доза вакцина етказиб бериш имконияти билан июлдан октябргача 60 млн доза вакцина етказиб беради. Sinovac Biotech Ltd бу давр мобайнида яна 330 млн доза вакцина етказиб бериш имконияти билан 50 млн доза вакцина тақдим этади.

Ҳозирга қадар COVAX дастури орқали бутун дунё бўйича атиги 102 млн доза вакцина етказилди. Ташкилот 2022 йил бошигача 1,8 млрд доза вакцина тарқатишни режалаштирган.

COVAX ёки коронавирусга қарши вакцина етказиб бериш бўйича глобал дастур 2020 йил апрелда ЖССТ ва GAVI ҳамкорлигида ташкил этилган. Дастурдан мақсад паст ва ўрта даромадли мамлакатларни коронавирусга қарши вакциналар билан таъминлашдан иборат.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид