Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков истеъфога чиқишга қарор қилди
Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этишга қарор қилди. Унинг истеъфога чиқиш ҳақидаги аризаси вазирлик сайтида эълон қилинди.
Аваков ўз изоҳида ҳамкасбларига миннатдорлик билдиришини ва Украинанинг “Украина вазирлар маҳкамаси ҳақида”ги қонунига мувофиқ истеъфога чиқаётганини маълум қилган.
Вазирни ўз лавозимини тарк этишга нима ундагани ҳозирча номаълум.
Олий рада Аваковнинг аризасини 15 июлда кўриб чиқиши мумкин.
Аваков Украина ички ишлар вазирлигига 2014 йил февралидан бери раҳбарлик қилиб келади. Пётр Порошенко Украина президенти лавозимидан кетиб, унинг ўрнини Владимир Зеленский эгаллагандан кейин Аваков янги ҳукуматда ўз лавозимини сақлаб қолган икки вазирдан бири бўлган.
Аввалроқ украиналиклар Аваковнинг истеъфосини бир неча марта талаб қилиб чиқишган. Бунинг учун ҳаттоки махсус “Геть Авакова” ҳаракати ташкил этилган.
2020 йил июнда олий радада ички ишлар вазирини ўз лавозимидан четлатишга қаратилган намойиш бўлиб ўтган. Аваков фаолиятига билдирилган асосий эътирозлар коррупция ва жиноий ишларнинг қониқарли даражада тергов қилинмаслиги бўлган.
Украина ОАВнинг хабар беришича, агар Аваковнинг истеъфоси қабул қилинса, унинг ўрнига икки номзод кўриб чиқилиши мумкин. Улардан бири Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов, иккинчиси эса ички ишлар вазирлиги инфратузилма ва технология марказининг собиқ раҳбари Александр Ефименко ҳисобланади.
Украина қонунчилигига кўра, вазирлар маҳкамаси аъзоси ўзи истеъфога чиқиш ҳақида ариза топширса ва парламент бу аризани қабул қилса ёки бош вазир илтимосномасига кўра ўз лавозимидан озод этилиши мумкин.
Мавзуга оид
09:31
ГУР: Дронлар Украина чегарасидан 2000 км узоқликдаги нишонларга ҳужум қила олади
08:56
АҚШ Украинага 1,25 млрд долларлик ёрдам пакетини тайёрламоқда
19:14 / 27.12.2024
Украина Курск областида илк марта КХДР аскарини асирга олди — ОАВ
15:31 / 27.12.2024