Жаҳон | 21:09 / 14.07.2021
6845
2 дақиқада ўқилади

Польша АҚШдан охирги авлоддаги 250та танк сотиб олади

Польша қурол сотиб олиш ҳақидаги келишув доирасида АҚШдан энг охирги авлоддаги 250та “Абрамс” танкини олади.

“Бизнинг вазифамиз эҳтимолий агрессорни тўхтатишдан иборат. Ва биз бу агрессор кимлигини яхши биламиз”, — деб айтган матбуот анжуманида Польша мудофаа вазири Мариуш Блашчак.

Унинг таъкидлашича, танклар Польшанинг шарқий чегараларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Улар Польшага 2022 йилда етказиб берилиши кутилмоқда.

Жанговар техника АҚШ билан тузилган келишув доирасида олинади. Ушбу келишувнинг қиймати 6 млрд долларга яқинни ташкил қилади. Танклар билан бирга бошқарув, эвакуация, қўллаб-қувватлаш машиналарини, ўқув пакетларини сотиб олиш ҳам режалаштирилган.

“Албатта, бу биз халқаро хавфсизлик соҳасида тўқнаш келаётган таҳдидларга муносабатимиз ҳисобланади”, — деб қўшимча қилган Блашчак.

Таъкидланишича, ҳозирда польшалик ҳарбийлар ихтиёрида Leopard 2A5, Leopard 2A4, PT-91 Twardy, Т-72М танклари бор.

Май ойида Польша Туркиядан 24та зарбдор дрон сотиб олишини эълон қилганди. У шу тариқа НАТОнинг турк дронларини сотиб оладиган илк давлати бўлади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид