Жаҳон | 09:30
1019
3 дақиқада ўқилади

«Артемида-3» учун астронавтлар танланди

NASA 2027 йилга мўлжалланган «Артемида-3» миссиясида иштирок этадиган тўрт нафар астронавт номини маълум қилди. Экипаж таркибига уч нафар америкалик ва бир нафар италиялик астронавт киритилди.

Фото: Brandon Bell/Getty Images

АҚШнинг Миллий аэронавтика ва фазони тадқиқ этиш бошқармаси (NASA) «Артемида-3» ой дастури доирасида иштирок этадиган экипаж аъзоларини расман таништирди. Эълон 9 июнь куни Техас штатининг Хьюстон шаҳрида жойлашган Жонсон космик марказида бўлиб ўтди.

NASA маълумотига кўра, миссияда америкалик астронавтлар Андре Дуглас, Фрэнк Рубио ва Рэнди Бресник, шунингдек, италиялик астронавт Лука Пармитано иштирок этади.

Европанинг биринчи вакили италиялик бўлди

Аввалроқ Европа космик агентлиги (ESA) NASAнинг ой дастурида иштирок этадиган биринчи европалик астронавт Германия вакили бўлишини билдирган эди. Асосий номзодлар сифатида геофизик ва вулқоншунос олим, астронавт Александер Герст ҳамда муҳандис ва астронавт Маттиас Маурер кўриб чиқилган.

Бироқ ESA раҳбари Йозеф Ашбахернинг айтишича, NASA миссия учун махсус синовчи-учувчи (test pilot) малакасига эга астронавтни излаган. Европа астронавтлари корпусида бундай тажрибага эга ягона номзод Лука Пармитано бўлгани учун танлов унга тушган.

Миссия Ойга қўнишни ўз ичига олмайди

Дастлаб «Артемида-3» дастури инсонни яна Ой юзасига олиб чиқиш мақсадида режалаштирилган эди. Бироқ NASA 2026 йил февраль ойида миссия концепциясига ўзгартиш киритилганини маълум қилди.

Янги режага кўра, экипаж Ойга қўнмайди. Астронавтлар Ернинг паст орбитасида туриб, SpaceX ва Blue Origin компаниялари томонидан ишлаб чиқилаётган ой қўниш модуллари билан туташиш амалиётларини синовдан ўтказади.

NASA «Артемида-3» миссиясини 2027 йилда учиришни режалаштирмоқда. Инсоннинг Ой юзасига навбатдаги қўниши эса ҳозирча 2028 йилга қолдирилган.

«Артемида-2» тарихи

Жорий йил апрель ойида «Артемида-2» миссияси иштирокчилари Ерга муваффақиятли қайтган эди. NASA астронавтлари Рид Уайсмен, Виктор Гловер ва Кристина Кук ҳамда Канада космик агентлиги астронавти Жереми Хансен иштирок этган мазкур миссия доирасида «Орион» кемаси Ой атрофини айланиб чиққан.

Миссия вақтида янги рекорд ҳам ўрнатилган. Астронавтлар Ердан 407 минг километр узоқликкача бориб, инсоният тарихидаги энг узоқ масофага чиққан одамлар сифатида қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид