Жамият | 16:16 / 20.07.2021
56966
12 дақиқада ўқилади

“Ютишнинг битта йўли – ўйнамаслик” — тотализатор қурбонлари

“Қарз сўраб бормаган одамим қолмади. Аёл бошим билан пул топиш учун ҳатто қинғир йўллар ҳам хаёлимга келарди...” “Эсласам, ўзимдан нафратланиб кетаман: ёлғон кетидан ёлғонлар тўқиб, дўстларидан қандай айрилиб қолганини ҳам билмай қоларкан киши...”

Фото: iStock

Онлайн қимор ва спорт ўйинларига пул тикиб бойлик орттиришга қизиқиш нафақат ёшлар, балки ўрта ёшдагилар орасида ҳам кенг ёйиляпти. Kun.uz “Ҳаётий ҳикоялар” рукнида бу ўйинларга берилиб, нафақат пул ютқазган, балки яқин инсонлари билан муносабатлари ҳам дарз кетган икки ҳамюртимиз кечмишини тақдим этади.

 “Болаларим ризқини қиморга тикканимдан жуда афсусланаман”

— Мен воҳа вилоятларидан бирида, марказдан унча узоқ бўлмаган туманда яшайман. Ёлғиз онаман, бир ўғлим ва икки қизим бор. Чеварлик орқасидан кунимиз ўтади. Шу меҳнатим билан болаларимнинг уст-бошини бутлаб бировдан кам қилмай тарбия бериб келардим...

Бир неча ой аввал танишларим 1XBET деб номланувчи футбол ўйинларига пул тикиладиган, яна бошқа ўйинлар орқали осон пул топиш мумкин бўлган ўйин ҳақида айтиб беришди, кейин телефонимда шу ўйинни ўзлари ўйнаб кўришни илтимос қилди. Аввалига уларга ишонганим сабаб ўйнашларига қўйиб бердим. Баъзи пайт ўйинларини ўзим ҳам кузатиб турдим. Дастлаб омади келиб турдими билмадим, икки-уч марта марта ютди, кейин тўсатдан каттароқ сумма ютқазди ва асабийлаша бошлади. Кейинги куни қарзи олиб келиб яна тикди, яна ютқазди.

Томоша қила туриб, ўзим ҳам қизиқиб кетгандим. Чунки бирпасда 300-400 минг сўмли бўлиш ҳаммага ҳам ёқади-да. Ҳалиги танишларим олган қарзини тўлашга қийналиб юрган пайт уларнинг номидан кириб ўйнадим. Қарасам бинойидай, ютяпман. Икки марта пул тикдим ва иккаласида ҳам ютиб чиқдим. Ва танишимнинг қарзини тўлашга ҳарна ёрдам деб бериб юбордим. У эса шу бўйича қайтиб телефонимни ҳам сўрамади, ўйин ҳам ўйнамади. Лекин шу орада мени анчайин қизиқтириб кетгани қолди.

Мен тотализатор деб аталмиш бу ўйин мантиғини унчалик ҳам тушунмасам-да, ўйнайвердим: омади келган ютади, омад чопмаса пулларини ҳавога сочади деб юрардим. Бунинг қимор экани хаёлимнинг бир чеккасига келмаганди, оддий лотерея-ку, кундалик ҳаётда ҳам шундай ўйинлар ўйналади, қолаверса, телевидениеда ҳам лотерея ўйинлари кўрсатилади-ку, дея қилаётган ишим нималигидан бехабар юрар эдим.

Танишларимда бўлган ҳолат менда ҳам такрорланди: кичикроқ суммаларни ютганимдан сўнг кўпроқ пул тикмоқчи бўлдим ва тўсатдан 10 млн сўм атрофида ютқаздим. Кейин кетган пулни қайтариб оламан деб ўйин ичига янада кириб кетдим. Атрофдагилар, яқин танишларим мени ўйинга жудаям берилиб кетганимни кўриб, бу ўйиндан биров ҳали барака топмаганини айтиб мени қайтармоқчи бўлишди.

Мен эса ҳар хил усулда ўйнаб кўришда давом этар, баъзида ютиб, баъзида ютқазар эдим. Энди нафақат ўйинларга пул тикардим, балки бошқа ўйинларда ўзимни синаб кўрдим, карта, казино – ўйинларнинг бошқа турлари, хуллас ҳаммасига қизиқиб ўйнадим. Лекин ҳамон ўйиндан маъно тополмасдим. Чунки сал каттароқ сумма ютаётсам телефоним қотиб қоларди ва ютиб турган ўйинни ютқазиб қўярдим. Англадимки, катта суммани ютишга бермайди. Кичикроқ суммаларни мисол учун 400-500 минг сўмни ютиш осон, лекин икки уч марта шундай ўйнаб кейин тўхтатмоқчи бўлсам, блокка тиқишди. Натижада жаҳлим чиқиб янада ўйинга шўнғиб боравердим.

Ўтган 8 ой ичида қарз сўраб бормаган бирор яқин одамим қолмади. Ҳа деса ўғлимни ўқишига керак бўлиб қолди дейман ёки бировдан қарз олгандим, шуни қайтармоқчи эдим, дейман – ўйинга берилиш ҳар кимга ҳар қандай ёлғонни тўқиб бўлса-да, пул ундиришга олиб келарди. Энг ёмони ҳатто ўғлимнинг контракти учун йиғиб келган пулимни ҳам шу ўйинга тикиб ютқазиб қўйдим.

Акаларим менга нима бўлаётганини тушунмасди, оиламга ҳеч бундай кўп пул сарф бўлишини англай олмай ҳалак эдилар. Менинг руҳий ҳолатимда ҳам ўзгариш сезиларди, тоқатсизлик, гап кўтармаслик, жазава – булар менда ўтган илк ҳолатлар эди.

Бир ёқдан оиламда фарзандларим тарбияси қаровсиз, бир ёқдан иш жойимда ҳам тайин йўқ, тинимсиз жанжаллашар, ҳар ўн кунда янги жойга кўчар эдим. Гулдай ҳунарим орқали топганимда барака йўқ, қўлимга пул тушган кун борки “ставка” қилишга шошардим.

Бу ўйин ҳақида билмаган одам уни шунчалик сеҳрли нарсамидики ўйнамасдан шарт тўхтатиб қўя қолмаса, дейиши мумкин. Билмадим, балки баъзи одамлар бордир, бир марта ютқазиб боре деб ташлаб кетадиган. Лекин менда бир томондан мағлуб бўлмасликка ички исён, иккинчи томондан шунча ютқазган пулларимни қайтариб олиш туйғуси яна ва яна ўйинни ўйнашга ундарди. Барибир ютаман, деб ўйлардим. Афсуски... менга ўхшаганлар оз бўлмаса керак.

Қайтиш. Мени шу ўйинни ўйнашдан қайтарган кун ва ўша кун рўй берган воқеа учун беҳад шукроналар айтаман. Чунки ўзим учун кулминация нуқтасига келиб бўлгандим. Гарчи аёл бошим билан бўлса-да, пул топиш учун турли қинғир йўллар хаёлимга келарди, менимча, айни шу ҳолат менинг кулминациям эди. Ортиқ бу давом этиши керак эмасди.

Шу хаёллар ичида юрарканман, яна бир оғир мушкулот остида қолдим. Кичик қизимни чорраҳада машина туртиб кетиши туфайли кома ҳолатига тушди ва реанимация бўлимида нақ 10 кун ўзига келмади. Бўлиб ўтган бу мудҳиш иш учун ўзимни айбладим: кўп одамдан қарз олиб бермай юрганим, қолаверса, мен пул тикаётган ўйинларда қатнашиш оғир гуноҳ эканини эшитиб чуқур ғамга ботдим. Ҳар кун, ҳар соат Аллоҳдан ёлвориб сўрадимки, фарзандим оёққа туриб кетса, бу номақбул ишларни тўхтатаман... Қизим кўзини очган кун эса менинг ҳам янги ҳаётга қайтган куним бўлиб қолди.

Умумий ҳисобда 100 млн сўм атрофида ютқаздим, гарчи ўзим ҳам кўп миқдорда ютган бўлсам-да, бу пулларнинг ярмидан кўпи ҳамон бўйнимда қарз бўлиб осиғлиқ турибди. Бундан ташқари, болаларим ризқи бўлган бу пулларни қиморга тикканимдан жуда афсусланаман. Охири келиб шунча пул ютқазишимни билсам ўйнамасмидим дея ўйлаб қоламан.

Тотализатор биринчи навбатда иймонни, кейин одамларга ишончни сустлаштиради, яқинларга муносабат ёмонлашади, боласи бўлса уларнинг тарбиясига эътиборсиз бўлиб қолади, фақатгина бир нарса – нима қилиб бўлса-да пул ютиш МАҚСАДга айланиб қолади.

***

“Ўйин ичига кирган одам олдинга қанча югурмасин, ортга қараб кетаверади”

— Тотализаторга қизиқиб ўйнашни бошлаганимга 5 йилча бўлди. Биринчи марта Чемпионлар лигасидаги марказий бир ўйинга танишим пул тикаётганини кўриб, мен ҳам 400 доллар тикдим. Ўйин эса мен тахмин қилган натижа билан тугамади ва пулимни ютқаздим. Ҳаммаси шундан бошланиб кетди, ютқазган пулимни қайтариш учун яна ўйнадим. Мен тинмай ўйнар, зиён эса тобора катталашар эди...

Ўзим асли савдо билан шуғулланаман. Ёшим 35да, ҳаётда бир йигит эришиши мумкин бўлган муваффақиятларга озми-кўпми эришганман. Таваккал қилишдан, ютқазишдан қўрқмаслик ёшлигимдан муваффақиятга эришишим омили бўлиб келган. Балки, шу сабаб тотализаторга жуда тез берилиб кетгандирман.

Мен фақатгина ўйинларга “ставка” қилиш эмас, казино, рулетка каби бошқа ўйинларга ҳам қизиқдим, у ерда ҳам ютиб-ютқазиб, “азарт”га кирар ва шу тарзда ўйин ичига кириб борар эдим. Орада фирибгарлик деб блокка ҳам тиқишди. Блокка тиқиш сабабини тушунтирмас экан, ўйин қоидаларида кўра ўзлари шубҳали деб билган аккаунтларни сабабини айтмасдан блоклаб қўяди.

Ўйин менинг наздимда икки қадам олдинга бир қадам орқага бўлиши керакдек, лекин аслида ўйин ичига кирган одам олдинга қанча югурмасин ортга қараб кетаверади. Ўйнар эканман хаёлимда доим бир нарса турарди: “нима бўлса ҳам кетган пулларни қайтариб олсам бўлди”, лекин қаёқда дейсиз ва ўйин домига тобора кириб боравердим.

Ўйин шундай ақлли тузилганки, доим ютқазган одам ташлаб кетиши мумкинлиги сабаб “азарт”га киритиб туради. Баъзида 4-5 минг, бир марта 6 минг доллар ютган вақтларим ҳам бўлди. Айнан мана шу қизиқтириш ютса бўларкан-ку деган хаёлга олиб келаркан. Узоғи бир неча кун ўтиб яна ўйин хумори тутади.

Бора-бора ютиб олинган катта-катта суммалар бир соатда ютқазиларди. Ютиш таъмини олган одам ютаман деб дуч келган танишидан қарз ола бошлайди. Бу чархпалак каби такрорланаверади, аммо сиз тобора кўпроқ пулингиздан айрилиб борасиз. Яна аввал бўлган жараён такрорланади, яна ва яна... Тахминим бўйича жами 50 минг доллар атрофида пул ютқаздим.

Энг алам қиладигани бу ўйинда ютқазишдан ҳам кўра яқинларни, оилани дўстларни йўқотиш экан. Бир марта ўйнаб ютқазгандан одам бошқа бировдан қарз олиб яна ўйнашни давом эттиради: шунинг орқасидан яхши дўст ёмонга, қадрдонлар юзкўрмас бегонага айланади. Яқин ўтмиш кунларимни эсласам ўзимдан нафратланиб кетаман, ёлғон кетидан ёлғонлар тўқиб, дўстларидан қандай айрилиб қолганини ҳам билмай қоларкан киши.

Ҳозир аниқ айта оламанки, жуда кўп ёшлар мана шу ўйин туфайли аянчли ҳолатга тушиб қолди. Чунки ўйин инсонни реал ҳаётдан узоқлаштира боради, фақат йўқотилган пулларни қайтариш дардида яшайди, ҳеч ким билан гаплашгиси келмайди. Ўзим мисолимда айта оламанки, оиламдагилар билан гаплашмайман, жигарларим билан юзлаша олмайдиган аҳволга келиб қолганман.

Бу ўйин одамни ҳар нарсага қўл уришга мажбур қилиб қўяди. Қарзга ботиб ўзини осиш, ўғриликка қўл уриш каби хаёллар инсонни эза бошлайди. Энг ёмони, бировнинг уйига босқинчиликка кириб, пулини олиб қарзларни ёпиб, нари борса 10-15 йил ўтириб чиқаман, нима бўлибди, деган фикрда тўхташ. Ўзини ўлдирганларни ҳам биламан.

Бу ўйинда мутлақ ютишнинг битта йўли – ўйнамаслик. Бир марта ўйнаб 100 минг сўм ютқазган одам иккинчи ўйнамаса, миллионларини қутқариб қолади.

Ёшларга ва тенгдошларимга. Биласизми, мени таниган инсонлар мени ютқазмайди деб ишонарди. Ҳатто ўзимга ҳам айтишган: “Сен ютқаздингми, сен-а?!”

Ўзингга ҳар қанча ишонма, ўйнаяпсанми, демак ютқазишинг аниқ, аксинча, ўзингни тийдингми, демак – сен ғолибсан дўстим, укам, оғайним.

Ўйинни бугуноқ тўхтат ва келажакда ютқазишинг аниқ бўлган пулларни, ҳаётингни асраб қол.

Йигитали Маҳмудов тайёрлади

Мавзуга оид