Жамият | 00:02 / 04.09.2025
8309
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 180 млрд сўмлик криптовалюта ноқонуний айланмасини амалга оширганлар ушланди

Жиноий гуруҳнинг 6 нафар аъзоси хорижий онлайн қимор компанияларига хизмат кўрсатиб, қимор ўйинлари орқали олинган маблағларни легаллаштиришгани таъкидланмоқда.

Тошкент шаҳрида 180 миллиард сўмдан ортиқ криптовалюта ноқонуний айланмасини амалга ошириб, букмекерлик компанияларига хизмат кўрсатган жиноий гуруҳ аниқланди. Бу ҳақда ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Қайд этилишича, Яшнобод туманида қўлга олинган жиноий гуруҳнинг 6 нафар аъзоси хорижий онлайн қимор компанияларига хизмат кўрсатиб, қимор ўйинлари орқали олинган маблағларни Decent криптовалюта платформаси орқали ўтказган ва легаллаштиришган.

Тергов маълумотларига кўра, улар 8 ой давомида 180 миллиард сўмдан ортиқ криптоактивлар ноқонуний айланмасини амалга оширган.

Тезкор тадбирлар давомида 38 дона мобил телефон ва пул ювиш учун фойдаланилган мингга яқин банк карталари ашёвий далил сифатида олинган.

Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг уюшган гуруҳ томонидан криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузишни назарда тутувчи моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид