Ўзбекистон | 08:11 / 21.07.2021
4945
3 дақиқада ўқилади

Кунлик меҳнат марказларининг асосий вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Вақтинча, мавсумий ва бир марталик ишларда банд бўлган фуқароларнинг меҳнат фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Қарор билан Кунлик меҳнат марказининг намунавий тузилмаси тасдиқланди.

Кунлик меҳнат марказларининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

  • иш изловчиларни рўйхатга олиш, улар тўғрисида маълумотлар базасини юритиш, иш берувчи жисмоний ва юридик шахслардан фуқароларни вақтинча ишларга ёллаш бўйича буюртмалар олиш;
  • вақтинча ишларни бажарувчи шахсларнинг ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтиши ва электрон (қоғоз) шаклдаги маълумотнома олишига шарт-шароит яратиш;
  • иш изловчиларни корхона ва ташкилотлардаги бўш (вакант) иш ўринлари билан мунтазам таништириб бориш ҳамда доимий ишга жойлашишларига кўмаклашиш;
  • вақтинча ишлар билан шуғулланувчи шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, касбга тайёрлаш (қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш)ни ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатиш;
  • манфаатдор иш берувчилар ва иш изловчилар иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркаларини ташкил қилиш;
  • вақтинча ишлар билан шуғулланувчи шахсларга меҳнат қуроллари, шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимларни ижарага бериш.

Белгиланишича, Марказлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобида туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан амалга оширилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига икки ой муддатда ҳудудлардаги эҳтиёждан келиб чиқиб, жойларда ДХШ асосида Марказларни ташкил этиш чораларини кўриш топширилди.

Марказларда иш берувчи ва иш изловчилар учун call-марказлар ташкил этиш, иш изловчиларни иш жойларига транспортда олиб бориш ва олиб келиш хизматларини кўрсатиш, уларга ётоқхоналар, меҳнат қуроллари, шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимларни ижарага бериш ҳамда овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилиши назарда тутилади.

Марказларни жойлаштириш учун мавжуд бинолар туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади.

Марказнинг Намунавий тузилмасига қуйидагилар киритилди:

  • туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг ўринбосари – Кунлик меҳнат маркази раҳбари;
  • ишга жойлаштириш бўйича мутахассис – 2 нафар;
  • туман (шаҳар) ички ишлар бўлими ходими – 1 нафар.

Марказлар маҳаллий меҳнат бозорида айрим вақтинча ва бир марталик ишларнинг мавсумийлигини ҳисобга олган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қарори билан қўшимча ходимлар билан таъминланади.

Марказларга жамоат тартибини сақлаш учун туман (шаҳар) ички ишлар бўлимларининг бир нафардан масъул ходими доимий бириктирилади.

Мавзуга оид