Спорт | 21:43 / 22.07.2021
13020
3 дақиқада ўқилади

Италия грандлари қизиқиши ҳақидаги хабарлар ортидан «Женоа» бош мураббийи Шомуродовни сотишни тақиқлади

«Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ёзги трансфер ойнасида Генуя жамоасини тарк этмоқчи эмас.

Фото: Matteo Ciambelli/DeFodi Images/Getty Images Sport/Getty Images

Генуяликлар клуби бош мураббийи Давиде Баллардини ушбу ёзги трансфер ойнасида ўзбекистонлик 26 ёшли форварднинг бошқа жамоага сотилишига қарши чиққан. «Матч ТВ» хабарига кўра, жамоа раҳбарияти Шомуродов билан ҳужумда тандем ҳосил қиладиган янги ҳужумчини изламоқда.

Қайд этилишича, Элдорнинг ўзи ҳам мураббийнинг қарорига қўшилган ва янги мавсумни ҳам «Женоа» сафида ўтказмоқчи. Футболчи яқинда оиласини Ўзбекистондан Генуяга кўчириб олиб келган.

Эслатиб ўтамиз, «Женоа» сафида Австрияда мавсумга тайёргарлик кўраётган Шомуродов клубининг сўнгги икки ўртоқлик баҳсида кетма-кет 2та голга муаллифлик қилди.

26 ёшли ҳужумчи А Серия якунланган мавсумида 31 учрашувда 8та гол ва 1та ассистга муаллифлик қилган.

Унинг клуб билан шартномаси 2024 йил ёзига қадар тузилган, трансфер қиймати 7 миллион еврога баҳоланмоқда.

2021 йил давомида ОАВда ўзбекистонлик форвардга А Сериянинг қатор клубларидан қизиқишлар борлиги ҳақида хабарлар тарқалган:

— Июлда Calciomercato «Рома» томонидан қизиқиш ҳақида ёзди. Нашр манбасига кўра, римликлар бош мураббийи Жозе Моуриньо Шомуродовнинг хизматларига шахсан қизиқиш билдирган. «Матч ТВ» ҳам римликлар клуби раҳбарияти томонидан Шомуродов варианти маъқуллангани ҳақида хабар берган;

— Бугунги кунга қадар «Ювентус»нинг ушбу футболчига қизиқиши сақланиб қолмоқда, бу ҳақда илк бор январ ойида Tuttosport хабар тарқатганди;

— Шомуродовга яна бир даъвогар эса Миланнинг «Интер» клуби. «Матч ТВ» маълумотига кўра, жамоа бошқарувига келган Симоне Индзаги Ромелу Лукакуга ўринбосар сифатида айнан ушбу ҳужумчини кўрмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид