«Бу бутун дунёда бор ҳолат» – МСК раиси ўринбосари сайловларни бюджетдан молиялаштириш ҳақида
Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров сайловларни молиялаштириш дунёда бор ҳолат экани, ажратиладиган маблағ сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш учун кераклигини таъкидлади.
«Биринчи навбатда, сайловга ажратилган маблағлар шаффофлиги таъминланади. Шунингдек, аввал оралиқ ҳисобот бериш жараёни мавжуд эмас эди. Фақат якуний ҳисобот бериларди, эндиликда сайловдан олдин ҳам оралиқ ҳисоботни бериш керак. Бунда нимага қанча ишлатилгани маълум қилинади, кейин якуний ҳисоботда батафсил ахборот берилади. Кўпчилик бунинг аҳамиятини билмаслиги мумкин. Бу сайловда маблағлар қаерга сарфланганини аниқлаш учун зарур.
Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловнинг харажатлар тасдиқланган сметаси бўйича кўп муҳокамалар бўлиб ўтди. Лекин бу бутун дунёда бор ҳолат ва бу маблағ сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш учун керак. Чунки конституцияда белгиланган барча ҳуқуқни таъминлаш учун маблағ талаб қилинади. Шу нуқтайи назардан МСК сайловга бир ой қолганда харажатлар сметасини тасдиқлаган бўлса, ҳозир барвақт тасдиқланди, сабаби, сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш, участка сайлов комиссияларини тайёрлаш масалаларида барча таҳлилларни қилганмиз.
Шу учун харажатлар сметасини тасдиқлаб олдик. Бу Давлат бюджети тўғрисидаги қонун доирасида амалга ошяпти, бу ҳам янгилик, очиқ-ойдин айтиляпти ва бюджетда белгиланган маблағ доирасида МСК томонидан аниқ харажатлар сметаси тасдиқланяпти», дея Баҳром Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Эслатиб ўтамиз, 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган навбатдаги президентлик сайловларини ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига 300 миллиард сўм ажратилган. Умумпартиявий тадбирлар ва номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғиботига жами 15 млрд 486 млн сўм йўналтирилади. Бундан ҳар бир номзодга 3 млрд 97 млн сўмдан тўғри келади.