21:08 / 24.07.2021
9278

Сенат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Россияга юборилган ўзбекистонликлар шикоятини назоратга олди

Ижтимоий тармоқларда Россияда кунига 120-130 рубль (тахминан 20 минг сўм) эвазига ишлаётганини билдирган Ўзбекистон фуқароларининг видеомурожаати тарқалди.

Видеомурожаатда ўзбекистонликлар ўзларининг 41 нафар экани, аммо ваъда қилинган ойлик маошлари берилмаётгани, ишлаш ва яшаш учун шароит етарли эмаслиги, қийин аҳволда қолишганини баён қилади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, ушбу фуқаролар Андижон вилояти филиали орқали Россия Федерациясига ишлаш учун боришган. Видеода ушбу фуқаролар ўзларини ишга юборган филиал раҳбарига муроажаат қилиб, муаммоларини ҳал қилишни сўрайди.

Сенат ахборот хизмати мазкур видеомурожаат парламент юқори палатасининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинганини билдирди.

“Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш берилиши бўйича сўров юборилди. Ҳолат бўйича ўрганиш натижалари маълум қилинади”, дейилади расмий муносабатда.

Kun.uz видеомурожаат юзасидан расман изоҳ берилишини сўраб, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигигига мурожаат қилди. Агентлик ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норовнинг маълум қилишича, 2021 йилнинг 14-16 июль кунлари агентлик ишчи гуруҳи ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилган фуқаролар билан ҳам учрашган. Учрашувда уларнинг муаммолари ўрганилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги муҳокамаларга сабаб бўлаётган видеомурожаат юзасидан расман баёнот ҳам берди.

“Россия Федерациясининг Черкесск шаҳридаги “Южный” агрокомбинати корхонасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган юртдошларимиз мурожаатига асосан, уларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 14-16 июль кунлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ишчи гуруҳи ушбу корхонага ташриф буюрган эди.

Ўрганишлар натижасида мазкур корхонада 2019 йилдан буён 46 нафар самарқандлик юртдошларимиз меҳнат фаолиятини амалга ошираётгани, 2021 йилда яна 109 нафар андижонлик юртдошларимиз иш бошлагани маълум бўлган.

Иш берувчи корхона раҳбарияти билан меҳнат мигрантларининг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ойлик маошларини ўз вақтида бериш ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини тезлаштириш бўйича келишув далолатномаси расмийлаштирилган. Ҳозирги вақтда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан юқоридаги мурожаат назоратга олинганлигини маълум қиламиз”, дейилади агентлик баёнотида.

Бироқ баёнотда агентлик томонидан ишга юборилган фуқаролар дуч келаётган қийинчиликларга нима сабаб бўлгани, нима учун ишчи-гуруҳ бориб келганидан сўнг ҳам вазият изига тушмагани ҳақида лом-мим дейилмаган. Ўзбекистон фуқаролари видеомурожаатда мутасаддилар олдига қўйган саволларга ҳам ҳеч қандай жавоб берилмаган.

Top