Ўзбекистон | 19:15 / 25.07.2021
38220
5 дақиқада ўқилади

Монополиялар – қашшоқлик сабаби. Kun.uz'да навбатдаги мультфильм

Бирор нарса сотиб олмоқчи бўлсангиз, албатта, яхшисини олишга уринасиз. Танлов бўлса, албатта. Танлов бўлмаса... борини оласиз. Сифатлими, сифатсизми, арзонми, қимматми – аҳамиятсиз, танлаш ҳуқуқингизни поймол қилишгани сабабли сизда бошқа вариант йўқ.

Сизни ана шундай иложсиз ҳолатга тушираётганлар – давлатнинг қўллови билан бирор товар ёки хизматлар бозорида бошқалардан кўра устун мавқени қўлга киритган корхоналар, яъни монополистлардир.

Ривожланаётган давлатларда монополистларнинг монополистлиги, одатда, давлат уларга берган алоҳида имтиёзлар билан боғлиқ. Демакки, зарарли монополиялар ҳақида гап кетганда, фақат монополист эмас, унга шу шароитни яратиб бераётганларни ҳам унутмаслик керак.

Давлатнинг қўлловига эга монополистлар ўзининг барча рақобатчиларини турли усуллар билан бирин-кетин бартараф этади ва маълум соҳани маълум ҳудудда ўзиники қилиб олади. Кейин эса ўзи ишлаб чиқараётган ёки сотаётган маҳсулотга истаган нархини қўя олади. Чунки... рақобатчиси йўқ-да.

Аммо бу ҳаммаси эмас – монополист ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотини сифатли қилиб чиқаришга уринмайди, ахир, барибир унинг маҳсулотини сотиб олишади-да. Маҳсулотга кам харажат қилиб қимматроқ сотиш – ҳар бир тадбиркорнинг истаги. Бу – табиий. Аммо бу истак халқнинг зарарига хизмат қилмаслиги, аксинча, мамлакат гуллаб-яшнашининг омилига айланиши учун РАҚОБАТ керак.

Соғлом рақобат муҳити тадбиркорларни имкон қадар яхшироқ маҳсулот ишлаб чиқариб, уни бозор нархида сотишга ундайди, аниқроқ айтсак, шунга мажбур қилади.

Эркин рақобатга асосланган, барча учун ўйин қоидалари тенг, янги ўйинчиларнинг кириб келишига чекловлар қўйилмаган ҳақиқий бозор муҳитида сотувчилар доимий изланишда, ҳаракатда бўлишга мажбур. Натижада бу бозорда маҳсулотлар ва хизматлар сифати доим яхшиланиб бораверади. Бу дегани – ривожланиш дегани.

Монопол ҳолат эса ҳар қандай ҳаракатнинг кушандаси – ахир нега керак ҳаракат қилиб, изланиб, харидорнинг кўнглини овлаб? Ахир, маҳсулот шундоқ ҳам сотиляпти-ку!

Рақобат шароитида ишлаётган корхона ишлаб топган ҳар бир сўмини қадрлайди ва ўзининг кейинги режаларига киритади. Чунки бу сўм – уринишлар, тадбирлар, режалар маҳсули. Монополист эса қўшимча даромадини уринишларсиз, тадбирларсиз, режаларсиз, монопол ҳолатидан фойдаланиб қўлга киритгани боис уни кейинги режаларига киритишга шошилмайди, ахир, буларсиз ҳам мўмай фойда келиб турибди-да! Шунинг учун у топган қўшимча даромадини... нима десак экан, ҳавога учиради.

Монополист монополистлигидан фойдаланиб топган қўшимча даромад нима ўзи? Халқнинг чўнтагидаги пул! Демак, истеъмолчи монополистга берадиган ортиқча пул ривожланишга хизмат қилмайди.

Рақобат шароитида ишлаб топилган даромад – яхши даромад. Чунки бунда истеъмолчи пулини рози бўлиб беради. Монопол ҳолатдан фойдаланиб топилган пул эса, одамларни мажбурлаш орқали топилгани учун, яъни норози қилиб топилгани учун – ёмон даромад.

Гап одамларнинг танлаш ҳуқуқини чеклаш ҳақида бораркан, шуни ҳам айтиш керакки, бундай чеклашларни монополлашмаган бозорларда ҳам етарлича кўриш мумкин. Оддий мисол – импорт учун божлар.

Бож тўсиқлари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялаш баҳонасида, бозорнинг сифатли ва ҳамёнбоп таклифлар билан тўлишига халал беради. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўз устида ишламаслигига, ҳар бир мамлакат ўзининг бошқаларга нисбатан нисбий афзалликларидан фойдаланолмаслигига олиб келади.

Монополия ҳақида узоқ гапириш мумкин, бироқ биз бугун унинг фақат икки жиҳатига – икки муҳим хулосага эътибор қаратишни лозим топдик.

Биринчи хулоса шуки, давлат қўллови билан вужудга келган монополиялар борлиги халқни нисбатан қиммат ва нисбатан сифатсиз маҳсулот сотиб олишга мажбурлайди. Оқибатлар занжирининг кейинги ҳалқаларига кўра, монополиялар аҳолининг қашшоқлашишига сабаб бўлади: агар бозор эркин бўлганида, харидор 10 сўмлик маҳсулотни эҳтимол 6 сўмга сотиб олиб, қолган 4 сўмига ўзига зарур бошқа нарса харид қилган бўларди.

Иккинчи хулоса эса янада аҳамиятли: юқорида таъкидланганидек, ривожланаётган давлатларда гигант монополиялар одатда давлат қўллови билан пайдо бўлади.

Ана шунинг олдини олиш учун ҳам кўплаб ривожланган давлатларда давлат амалдорларининг бизнес билан шуғулланиши тақиқланган. Эркин бўлмаган бозор, айрим компанияларга имтиёзлар ва манфаатлар тўқнашуви – доим бирга юрадиган феноменлар.

Ўзбекистонда давлат мансабдорларининг бизнес қилиши қоғозда тақиқланган, холос. Буни амалда ҳам таъминлашга ваъда беришяпти. Бу яхши албатта, бироқ ҳукуматнинг монополияларга қарши (ёки монополияларга хайрихоҳ дейиш ҳам мумкин) сиёсатига нисбатан жамоатчиликда саволлар етарлича.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид