Ўзбекистон | 10:20 / 27.07.2021
4686
2 дақиқада ўқилади

35та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилади

“Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, 2021–2022 йилларда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида 35та Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари босқичма-босқич ташкил этилади. 

Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари ҳисобланади: 

  • қўшма шикастланишлар ҳамда ўткир қон-томир касалликлари билан тиббий ёрдамга муҳтож беморларга шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш;
  • ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги мавжуд беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш.

Марказларга:

  • ҳудудлардаги аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, шошилинч тиббий ёрдам ва умумий жарроҳлик бўлимларининг умумий ўринлари сони доирасида 50тадан 60тагача ўринлар ажратилади;
  • ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасалари штат бирликлари доирасида қўшимча нейрохирург, невролог, кардиолог, анестезиолог-реаниматолог ва бошқа штатлар киритилади.

2021–2023 йилларда болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Мазкур дастурни амалга ошириш учун жами харажатлар миқдори 264,5 млрд сўмни ташкил этади. 

Шунингдек, 2021/2022-ўқув йилидан ОТМда нефрология ва гемодиализ кафедралари фаолияти йўлга қўйилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид