Жамият | 21:57 / 28.07.2021
3419
2 дақиқада ўқилади

Китобдаги юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус юқтирган беморлар даволанаётгани айтилди. Қашқадарё вилоят ССБ буни рад этди

Ижтимоий тармоқларда Китоб туманида жойлашган юқумли касалликлар шифохонасида ишловчи ҳамшира томонидан йўлланган видео тарқалди. Унда, ушбу тиббиёт масканида коронавирус юқтирган беморлар даволанаётгани, аммо бу ерда улар учун зарур шароитлар яратилмагани, хусусан, тиббиёт ходимлари махсус ҳимоя кийимлари билан таъминланмагани айтилган. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдириб, у ерда коронавирус юқтирган беморлар даволанаётганини рад этди.

Маълум қилинишича, Китоб юқумли касалликлар шифохонасида ҳамшира бўлиб ишловчи Вазира Қобилованинг видеомурожаати вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган. Аниқланишича, Китоб тумани юқумли касалликлар шифохонаси 100 ўринга мўлжалланган бўлиб, бир йилда қарийб 8 мингга яқин беморлар у ерда даволанади. Шифохона биноси 2020 йилда мукаммал таъмирдан чиқарилган ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган.

Жорий йилнинг июль ойида Вазирлар Маҳкамаси томонидан берилган махсус топшириқ асосида мазкур муассасада кислород станцияси ўрнатилган ва 140 та кислород бериш нуқтаси ташкил этилган.

Қайд этилишича, айни пайтда мазкур шифохона коронавирусдан кейин реабилитация фаолиятига мослаштирилган бўлиб, бу ерда беморларда мунтазам равишда ПЗР таҳлиллари ўтказиб борилади. Шунингдек, қабул бўлимида экспресс-тестлар ҳам ташкил этилган. Агар бирор беморда коронавирусга мусбат натижа аниқлангудай бўлса, уни зудлик билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жўнатиш механизми жорий этилган.

Таъкидланишича, шифохонага айни пайтда коронавирусга чалинган эмас, балки COVID-19ни бошдан ўтказган, ПЗР таҳлили манфий, юқумлилик даражаси йўқ бўлган беморлар ётқизилган.

«Жамоа ўртасида тушунтириш ишларини етарли даражада ташкил этмаганлиги ва бу борада бир қатор камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли шифохона раҳбарига тегишли тартибда чора кўрилади. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси режаси асосида мазкур шифохонани эпидемиологик вазият ва беморлар сонидан келиб чиққан ҳолда туманлараро COVID-19 махсус шифохонаси сифатида очиш режалаштирилган. Видеомурожаат муаллифи – юқумли касалликлар шифохонасининг ҳамшираси Вазира Қобиловага мазкур вазият бўйича батафсил тушунтириш берилди», дейилади вилоят ССБ муносабатида.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид