Жамият | 20:23 / 30.07.2021
2027
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мактаб директорига ҳайфсан жазоси берилди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қамаши туманида жойлашган 5-умумий ўрта мактаб директори ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилгани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят халқ таълими бошқармаси мазкур хабар бўйича текширув ўтказди. Текширувда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилингани ўз тасдиғини топган ва мактаб директорига ҳайфсан жазоси берилган.

Маълум қилинишича, Қамаши туманида жойлашган 5-мактабда директор томонидан ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳолати жорий йил 29 июль куни Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси ва туман халқ таълими бўлими масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан атрофлича ўрганилган.

Ўрганиш давомида, ушбу ҳолат бўйича мактабнинг кимё фани ўқитувчиси К.С., бошланғич синф ўқитувчилари Ғ. Ч., Ҳ. М., Ў. М., Б. В., Д. Г., Б.Б., Қ. Г., она тили ўқитувчиси Н.Н., математика ўқитувчилари С. Ш., Ў. Ю., касаба уюшма раиси Д. А., ЧЁТ раҳбари Р. Ҳ.лар билан суҳбат ўтказилган. Улар мактаб директори вазифасини вақтинча бажарувчи С.Х.нинг ташаббуси билан ўқитувчилар мактаб биноси ва ҳовлисини тозалаш ҳамда ободонлаштириш ишларига жалб этилганини тасдиқлашган.

Қайд этилишича, жорий йил 26 июль куни Х. С. барча ўқитувчи ва ишчи ходимларни йиғиб, уларни мактабнинг 7 гектар чиқадиган ер майдонини ихтиёрий равишда ободонлаштириш ишларига жалб қилиш бўйича кўрсатма берган. Мактаб директори ушбу кўрсатмага асосан жисмоний тарбия ўқитувчиси Э. Ф.нинг касаллигини инобатга олмасдан уни меҳнатга жалб қилган.

Таъкидланишича, мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Ж. А. ўз лавозим мажбуриятларига масъулиятсизлик билан қараб мактабда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда мактабни янги ўқув йилига тайёрлаш ишларида сусткашликка йўл қўйган. Мактаб ўйингоҳларини бегона ўтлардан тозаламаган ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаган.

Ушбу ҳолатлар бўйича мактаб директори Х. С.га нисбатан вилоят ХТБ бошлиғининг 2021 йил 29 июлдаги буйруғига кўра, Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-бандига асосан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланган. Бундан ташқари, хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Ж.А.га нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-бандига асосан Қамаши тумани ХТБ мудирининг 2021 йил 29 июлдаги буйруғига асосан «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид