Ўзбекистон | 18:45 / 30.07.2021
3359
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда содир бўлган муштлашувда ресторан ходимига оғир тан жароҳати етказган шахсга жиноий иш қўзғатилди

Самарқанд шаҳрида жойлашган ресторанлардан бирида муштлашув уюштириб, у ерда ишлайдиган ходимга оғир тан жароҳатлари етказган шахсга жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 18 июль куни соат 15:30ларда Самарқанд шаҳрида жойлашган ресторанлардан бирида оммавий жанжал содир бўлган. Ўша куни фуқаролардан бирининг тўй маросими белгиланган бўлиб, унга келган меҳмонлар айтилган вақтдан аввал ресторанга кирмоқчи бўлган. Ресторан ходимлари бунга йўл қўймагач, ўртада жанжал келиб чиққан ва оммавий муштлашув содир бўлган.

Қайд этилишича, муштлашувда меҳмонлар бир гуруҳ бўлиб ресторанда ишлайдиган ака-укани уришган. Оқибатда 19 ёшли ресторан ходими бошидан оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Зудлик билан ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг, ҳозирда унинг аҳволи ўртача оғирликда деб баҳоланмоқда.

Ресторан ходимларининг айтишича, ҳодиса юз бергандан кейин ҳам ўша куни жанжалда иштирок этган шахслар яна келиб уларга таҳдидлар қилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳодиса юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. Ресторан ходимига оғир тан жароҳати етказган шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Муштлашувда қатнашган бошқа шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам қонун доирасида баҳо берилади. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид