19:11 / 31.07.2021
12418

ИИВ eJarima'ни юритишда масъул эканини тан олди. Платформа 1 августдан ишлаши айтилмоқда

Бироқ платформа қайта ишга тушганда носозлик туфайли жарима тўлай олмаган фуқароларга 15 кунлик имтиёзли муддат тиклаб берилиши борасида аниқ маълумот йўқ.

Kun.uz сайтида “E-jarima'нинг “отаси” ким?” номли мақола элон қилинганидан сўнг унда тилга олинган ташкилотлар мақолага муносабат билдирди.

АКТ вазирлиги порталга алоқаси йўқлигини такроран билдирди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳмадовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 июндаги 407-сонли ҳамда 2021 йил 8 июлдаги 431-сонли қарори билан Ички ишлар вазирлиги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ягона электрон иш юритув тизимини ташкил этиш, унинг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш, шунингдек, маъмурий баённома тузишда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда ваколатли давлат органларининг тизимдан самарали фойдаланишларини таъминлаш бўйича масъул орган этиб белгиланган.

ИИВ eJarima'ни юритишда масъул эканини тан олди

Ички ишлар вазирлиги ҳам мақола юзасидан муносабат билдирди. Унда келтирилган фикрлар ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовнинг изоҳини рад қилмоқда. Яъни платформа билан боғлиқ муаммо бўйича бошқа идора эмас, айнан вазирликнинг ўзи масъул ҳисобланиши ойдинлашди.

Маълум қилинишича, 2020 йил 5 октябрдаги ПФ–6079-сонли президент фармони, ҳукуматнинг 2020 йил 24 июндаги 407-сонли ҳамда 2021 йил 8 июлдаги 431-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ягона электрон иш юритув доирасидаги “E-ma’muriy ish” тизими яратилиб, eJarima.uz сайти ва телеграм ботини ушбу тизимга интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Қўшимча қилинишича, интеграция жараёнини жорий йилнинг 1 августига қадар якунлаш режалаштирилган. Шундан сўнг, eJarima.uz веб-сайти ҳамда eJarima.uz расмий телеграм-боти ишга туширилиши ва шу билан бирга, 1 августдан бошлаб SMS-хабарнома ёки “Ўзбекистон почтаси” АЖ орқали хабардор қилиш механизми йўлга қўйилмоқда.

Бироқ ИИВ маълумотида мақолада тилга олинган жарима тўлашдаги алоҳида ҳолатлар, хусусан, платформа қайта ишга тушганда носозлик туфайли жарима тўлай олмаган фуқароларга 15 кунлик имтиёзли муддат тиклаб берилиши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Ушбу саволларга расмий жавоб олиш мақсадидаги бир неча кунлик уринишларимиз натижа бермади.

Муаммо Сенат назоратида

Сенатнинг янги ташкил этилган Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, мақола эълон қилингач, қўмита ИИВга хат йўллаб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, фуқаролар фойдаланишлари учун платформани тўлиқ ишга тушириш ҳамда бу бўйича ахборот тақдим этишни сўраб, масалани назоратга олган.

Маълумот учун, E-jarima портали БМТ Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси молиявий кўмагида “Kash App” МЧЖ компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Порталга ИВВ ЙҲХББ оператор ҳисобланади.

Top