Жаҳон | 16:50 / 04.08.2021
6566
2 дақиқада ўқилади

Чехияда поездлар тўқнашуви: уч киши ҳалок бўлди, ўнлаб киши жароҳатланди

Чехия ғарбидаги Милавце аҳоли пункти яқинида икки йўловчи поезд тўқнашуви рўй берди. Сўнгг маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлган - икки поезд машинистлари ва бир йўловчи, яна ўнлаб кишилар жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган.

Фото: EPA

Маълумотларга кўра, авария машинистлардан бирининг айби билан содир бўлган.

Мюнхендан Прагага Ex 351 рейсини амалга ошираётган «Ғарбий экспресс» ва Пльзендан Домажлицега қараб ҳаракатланган ҳудудий RegioShark поезди маҳаллий вақт билан тонгги соат 8 атрофида тўқнашган.

47 киши жароҳатланган, уларнинг етти нафари оғир аҳволда.

Чехия нашрлари маълумотига кўра, ҳодисада жабрланганларга жой бўшатиш мақсадида Домажлицедаги шифохонада режадаги барча операциялар бекор қилинган.

Мюнхен-Прага поезди электровози жиддий шикастланган

Чехия транспорт вазири Карел Гавличекнинг маълум қилишича, поездлар юзма-юз тўқнашиши Мюнхен-Прага йўналишидаги тезюрар поезд машинисти айби билан рўй берган, у тақиқловчи сигналга эътибор қаратмаган.

«Экспресс «Стоп!» ёзувли табличкани кўрганидан кейин тўхтатиш кера эди, аммо у тўхтамаган ва ҳаракатланишда давом этиб, йўловчи поезди билан тўқнашган. Хавфсизлик техникаси авария вақтида ишга тушади, аммо инсон омили ҳам бор», деган у.

Ҳалокат бир темир йўл изи ўтган жойда рўй берган, бу ерда поездлар бир-бирига йўл берган ҳолда ҳаракатланиши керак бўлади.

Ҳодиса жойида чехиялик қутқарувчиларга германиялик ҳамкасблари ёрдам бермоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид