Хатирчида фермерлар сувга зор: айрим далаларда ғўза нобуд бўлмоқда
Навоий вилояти Хатирчи туманининг Оқ олтин маҳалласи ҳудудида жойлашган айрим фермерлар экин далаларига ўз вақтида сув берилмаётганлигидан норози. Баъзи далаларда ғўза сувсизликдан нобуд бўлиш арафасида.
Хатирчи Навоий вилоятининг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган, энг кўп пахта етиштирадиган тумани ҳисобланади. Жорий йилда ҳудудда 285 та фермер хўжалигининг 10 685 га экин майдонида ғўза парвариш қилинмоқда. Аммо сув муаммоси туфайли айрим фермер хўжаликларида ғўза ниҳоллари ривожланишдан ортда қоляпти.
Хусусан, туманнинг Оқ олтин маҳалласи ҳудудида жойлашган «Ҳасан Ҳусан ботирлар», «Тоштемир Шуҳрат», «Шохсувор», «Мираббос Миржалол», «Шахриёр лочин» фермер хўжаликларига тегишли қарийб 100 га экин майдонидаги ғўза ўз вақтида суғорилмаганлиги сабабли нобуд бўлиш арафасида.
«Тоштемир Шуҳрат» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Зиёдулла Умаровнинг маълум қилишича, ҳудуддаги фермерларнинг даласига Тос каналидан насос орқали сув келади. Ўз вақтида сув берилмаганлиги ғўза парваришини 10–15 кун ортга сурмоқда.
«Гектарига 40 центнер режа қўйилган. Ғалла яхши бўлмаганди. Агар аҳвол шу бўлса, пахта режасини ҳам бажара олмаймиз. Фермерларимиз қарздор бўлиб қолаверади кейин. 85–90 гектардаги пахта шу аҳволда. Сув масаласи қийин бўляпти. Ўзи асад ойидан 20 кун вақт қоляпти. Шу муддатда ҳолатни ўнглаб олсак олдик, йўқса 20 кундан сўнг сунбула киради. Сунбуланинг кўрагидан пахта чиқмайди, очилмайди. Ҳозир бизнинг пахтамиз сувга навбат туфайли 10–15 кун орқага кетди. Агар бир ҳафта олдин суғорганимизда, ғўзалар бу аҳволга тушмасди», — дейди Зиёдулла Умаров.
Ҳудуддаги асосий сув манбаи Тос канали ҳисобланади. Ушбу каналдан фермерлар ҳам, аҳоли ҳам сув олади. Ҳудуд мироби Шоакбар Мухторовнинг таъкидлашича, атрофдаги фермерларнинг даласига сув 100 фоиз насос орқали чиқарилади.
«Ҳақиқатан йилимиз оғир келди, қурғоқчилик бўлди. 22 июлдан шу кунгача бўлган гармсел ҳам ғўзамизни анча чарчатиб қўйди. Ҳозирги кеча-кундузда 4 та насос орқали сув бериляпти. Оқ олтин маҳалласи ҳудудида 11 та фермер хўжалиги бор. Сув кам бўлгани учун 2 кундан навбат билан сув бериляпти. Навбат туфайли ҳар бир фермердан 5-6 гектардан ғўза ривожланишда орқада қолди.
Тўғри, сув кам бўлгани учун фермерларимиз норози бўлмоқда. Қолаверса, шу йил иссиқ 60 даражагача чиқиб кетди. Аммо ишининг кўзини билган фермерлар шу ҳолатда ҳам ақл билан ҳаракат қиляпти. Тўғрисини айтиш керак, айб ўзимизда ҳам бор. Фақат сув демасдан, зарур агротехник ишларни-да вақтида амалга оширишимиз керак», — дея ҳолатга изоҳ берди Шоакбар Мухторов.
Бир сўз билан айтганда, Оқ олтин маҳалласининг дашт ҳудудида жойлашган фермерларнинг эътирозида жон бор. Экин далаларидаги ғўза сувсизликдан ачинарли ҳолатга келиб қолган. Вилоят ва туман мутасаддилари вазиятни ўрганиб, масалага жиддий эътибор қаратмас экан, бу муаммо ғалвирни сувдан кўтариш палласида ўз сўзини айтиши аниқ.
Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
23:36 / 20.11.2024
Британиялик фермерлар янги мерос солиғи бекор қилинишини талаб қилиб, норозилик намойиши ўтказди
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024