21:12 / 05.08.2021
6093

Иброҳим Раисий Эрон президенти сифатида қасамёд келтирди

5 августда Эроннинг янги президенти Иброҳим Раисийнинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Раисий парламентда мамлакатнинг 8-президенти сифатида қасамёд келтирди.

Инаугурация маросимида мамлакатнинг қонунчилик ва суд ҳокимияти органлари раҳбарлари, юқори лавозимли мансабдор шахслар ва ҳарбийлар ҳамда 73та давлат ва халқаро ташкилотларнинг 115га яқин вакили иштирок этди.

Аввалроқ маросимда 10та давлат президенти, 20та давлат парламенти спикери, 11 нафар ташқи ишлар вазири, 11та халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, БМТ бош котиби вакили, Европа иттифоқи, Евросиё иқтисодий иттифоқи, Парламентлараро иттифоқнинг расмий шахслари иштирок этиши маълум қилинган.

Раисий президент сифатида ўзига юкланган мажбуриятларни бажариш учун бор имкониятни ишга солишга ваъда берган.

Сиёсатчи сайловолди кампанияси вақтида ночорлик ва коррупцияга қарши курашишга, 4 йил ичида мамлакатда 4 млнта янги уй қуришга ва “кучли Эрон учун халқ ҳукуматини тўплашга” ваъда берган. У 2017 йилда ҳам президент лавозими учун кураш олиб борган, бироқ Ҳасан Руҳонийга ютқазган эди.

Аввалроқ, 3 августда “танфиз” (тасдиқлаш) маросими бўлиб ўтди. Унда Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Ҳоманаий Иброҳим Раисийга президентлик мандатини топширган ва уни президент лавозимида тасдиқлаган. 

Раисий 1980-йилларда сиёсий маҳкумларнинг таъқиб қилиниши ва қатл этилишига алоқадорликда гумон қилиниб, ҳозирда АҚШ санкциялари остида қолмоқда. Раисий ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келади.

Top