18:20 / 06.08.2021
2649

Навоийда ҳайдовчидан пора олмоқчи бўлган транспорт бошқармаси инспекторлари озодликдан маҳрум қилинди

Навоийда ноқонуний йўловчи ташиётган ҳайдовчидан пора олиб ишни ёпмоқчи бўлган транспорт бошқармаси инспекторлари озодликдан маҳрум қилинган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Ж.С. Навоий вилояти ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Навоий вилояти Транспорт бошқармасида инспектор вазифасида ишловчи А.Х. ва А.К. ноқонуний йўловчи ташиётган ҳайдовчиларни аниқлаб, уларга нисбатан чора кўрмаслик эвазига 500 мингдан 1,5 миллион сўмгача пора сўраётганини маълум қилган.

Ж.С. ўз аризасида мазкур шахсларга нисбатан қонуний чора кўришда шартли равишда шахсан иштирок этишини билдирган. Ушбу ариза юзасидан тезкор тадбир режаси тузиб чиқилган. Шундан сўнг пул ва овоз ёзиш ускуналари билан таъминланган Ж.С. бошқарувидаги «Спарк» русумли автомашина икки нафар фуқарони йўловчи сифатида олиб, «Зарафшон — Тошкент» йўлининг «Самарқанд» мунтазам йўл-патруль хизмати масканига етиб келганида Транспорт бошқармаси ходимлари томонидан тўхтатилган.

Транспорт бошқармаси инспектори А.Х. ҳайдовчидан ҳужжатларни олиб, ундан кимларни олиб кетаётганини сўраганда Ж.С. йўловчи ташиш билан шуғулланишини айтиб, ёрдам беришни илтимос қилган.

Узоқ вақт савдолашилгандан сўнг, А.Х. 1 миллион сўм эвазига Ж.С.ни қўйиб юборишга рози бўлган. Пулни олиш чоғида А.Х. ва унинг шериги А.К. ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимлари томонидан ушланган. Ж.С.дан олинган 1 миллион сўм ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Қайд этилишича, дастлабки суриштирув ва тергов чоғида А.Х. ва А.К. ҳайдовчидан пора олиш масаласида у билан олдиндан тил бириктирмагани, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома ёзиш кераклигини айтганини рўкач қилиб, жазодан қутулиб қолмоқчи бўлган. Аммо диктофонга ёзиб олинган овозлар уларни фош қилган.

Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчилар А.Х. ва А.К. Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Суд ҳукми билан уларга тегишли муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Бундан ташқари, улар тегишли муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган.

Top