08:41 / 06.08.2021
2241

Хатирчилик фермерларга сув берилди

Kun.uz Навоий вилояти Хатирчи туманининг Оқ олтин маҳалласи ҳудудида жойлашган айрим фермерлар экин далаларига ўз вақтида сув берилмаётганлигидан норози эканлиги, қарийб 100 га экин майдонидаги ғўза сувсизликдан нобуд бўлаётгани ҳақида мақола эълон қилганди. Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг мақолага муносабатида  фермерларга сув берилганини билдирди.

Таъкидланишича, мақолада келтирилган ҳолатлар Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва Хатирчи тумани ирригация бўлими мутахассислари томонидан жойига бориб ўрганилган.

Хатирчи тумани ирригация бўлими бошлиғи Наврўз Мирзаевга кўра, Оқ олтин ҳудудидаги 9 та фермер хўжалигининг экин майдонлари Тос каналидан сув олувчи “Оқ олтин” насосига боғланган. Ушбу фермер хўжаликларининг экин майдонлари тасдиқланган лимит бўйича навбат асосида июнь ва июль ойларида икки марта суғорилган.

1 августдан бошлаб, ҳудуддаги фермер хўжаликлари ўзларининг экин майдонларини навбат асосида учинчи марта суғоришни бошлаган. Номлари келтириб ўтилган “Мираббос Миржалол”, “Ҳасан-Ҳусан ботирлар”, “Шахриёр лочин”, “Тоштемир Шуҳрат”, “Шохсувор” фермер хўжаликларининг пахта майдонлари 5 август ҳолатига деярли суғориб бўлинган. Мутахассислар фермерлар билан суҳбатлашиб, уларга бу йил сув танқис эканлигини, шу боис туманнинг барча истеъмолчиларига навбат билан етказиб берилаётганлигини тушунтирдилар”, — дейилади бошқарма муносабатида.

 

Top