08:05 / 11.08.2021
3086

Ўзбекистонда 6 ойда ҳар 100 минг аҳолига 132та жиноят тўғри келди 

2021 йил 6 ойида ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 132та жиноят тўғри келган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев маълум қилди.

Қайд этилишича, 2021 йил 6 ойида 2017 йилнинг 6 ойига нисбатан қарийб икки баравар кўп (8 592/15 321) жиноятлар аниқланган.

Жорий йил 6 ойи якунига кўра, республиканинг 9 251та маҳалладан 4 559тасида (49,3 фоиз) бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

«Ўз навбатида, жами қайд этилган 45 630та жиноятнинг 15 881таси ёки 34,8 фоизи аввалги йилларда содир этилиб, жорий йилда ҳисобга қўйилган.

Шунингдек, 15 434та жиноят (жами 45 630тадан 33,8 фоиз) ходимларнинг ташаббуси билан аниқланди ва шундай жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 71,4 фоизга (9 004тадан 15 434тага) яхшиланди.

Шу жумладан, ходимларимиз томонидан 548та коррупциявий, 99та одам савдоси ва 322та кибержиноятлар фош этилди, 368 кг наркотик воситалари, 55 дона ўқотар қурол ва 212 дона ўқ-дориларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди», деди ички ишлар вазири ўринбосари.

Таъкидланишича, аввалги йиллардан очилмасдан қолган 3 833та жиноят фош этилган, қидирувдаги 1 888 нафар шахс ушланган ҳамда бедарак йўқолган 263 нафар шахс топилган.

Top