Ўзбекистон | 07:13 / 13.08.2021
15007
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда 5 миллион долларга ер сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ҳоким қарори билан боғ яратиш учун ижарага берилган 16 гектар ер майдонини 5 млн долларга сотмоқчи бўлган шахслар бўнак сифатида 200 минг доллар олаётганда қўлга тушди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент вилоятида 6 август 16 гектар ерни 5 миллион долларга ноқонуний сотмоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Маълум бўлишича, фуқаро Х.С. 6 август куни Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, ўзини МЧЖ таъсисчилари деб таништирган икки шахс Бўстонлиқ тумани ҳокими қарори билан боғ барпо этиш ва ободонлаштириш учун 30 йилга ижарага берилган 16 гектар ер майдонини 5 миллион долларга сотишини айтиб, олдиндан 200 минг доллар талаб қилганини билдирган ва уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Шу куннинг ўзида ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тезкор тадбир ўтказилиб, фуқаролар Р.Г. ва Д.Ж. Тошкент шаҳридаги ресторанларнинг бирида ариза муаллифидан 200 минг долларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Қибрай туманида қалбаки ҳужжатлар орқали ўзганинг уйини сотмоқчи бўлган фирибгарлар аниқлангани хабар берилган эди.

Мавзуга оид