Жаҳон | 21:38 / 15.08.2021
31122
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Афғонистондаги асосий мақсадига эришганини айтди

Фото: Jonathan Ernst - Pool/Getty Images

АҚШ Афғонистондаги асосий мақсадига эришди, яъни 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар ташкилотчилари томонидан солинган хавфни бартараф этди. Бу ҳақда CNN телеканалига АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен айтиб ўтди.

“Афғонистонга киришимизда олдимизда турган шартлар ҳисобга олинса, биз ўз мақсадларимизга эришдик”, деб таъкидлаб ўтган давлат котиби. 

Шу билан бирга, Блинкен АҚШнинг Афғонистондан кетиши Вьетнам уруши якунланишига қиёсланаётганига қўшилмаслигини айтди. У Афғонистонда ҳарбийлар қолдиришдан маъно йўқлигини қўшимча қилди.

“Дунёдаги стратегик рақибларимиз нуқтайи назаридан, улар бизни Афғонистонда яна 5, 10, 20 йил кўришдан кўпроқ афсусланадиган нарсаси йўқ”, деб айтган АҚШ давлат котиби.

Блинкеннинг таъкидлашича, Афғонистон ҳукумат қўшинларига катта маблағ ажратилгани ва улар тайёргарликдан ўтказилганига қарамай, ўз мамлакатини сақлаб қололмади. У “Толибон”нинг мамлакатда илгарилаши кутилгандан тезроқ юз берганини қўшимча қилган.

Давлат котиби толиблар АҚШнинг Афғонистондаги ходимларининг эвакуация қилиниши жараёнига аралашса, улар тез ва қатъий жавоб олишидан огоҳлантирган. Блинкен эвакуация билан боғлиқ ҳолда толиблардан ҳеч нарса сўралмаганини айтган.

Аввалроқ The New York Times нашри АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод “Толибон”ни Кобулдан америкалик фуқаролар ва бошқа шахслар эвакуация қилинмагунигача, шаҳарга кирмасликка чақирганини маълум қилган.

АҚШ ва НАТО ҳарбийлари Афғонистонда 2001 йилдан бери қолиб келаётганди. 2021 йил май ойида мамлакатдан барча америкалик ва хорижий ҳарбийлар олиб чиқилиши бошланди. Бунинг ортида “Толибон” ҳаракати фаоллашиб, бу охир-оқибат толибларнинг Афғонистондаги ҳокимиятни эгаллаши билан якунланди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид